Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ўз фаолиятини бошлади. Бундай фаолият олиб бориш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг лицензиясини қўлга киритилди. Унга кўра, туризм фаолиятини кириш, чиқиш ва ички туризм йўналишларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш қайд этилган.
2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, юртимизда туризм соҳасини ривожлантишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда эндиликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам зиёрат туризмни ривожлантиришга ўзнининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси юртимиздаги қадамжо, зиёратгоҳ ва табаррук масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва мусулмон дунёсидаги нуфузини янада оширишга ҳам хизмат қилади.
Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг кўламли амалий ишлар ва норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Яқинда Самарқанд шаҳрида Ипак йўли туризм халқаро университетининг ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори эса бу борада олиб борилаётган ишларни янги поғонага кўтаради. Шунингдек, келгусида Тошкент-Жидда-Тошкент авиақатновининг йўлга қўйилиши янада кенгроқ имкониятлар эшигини очади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати