Америка-Вьетнам уруши ниҳоясига етаёзиб қолган кезларда бир аскар уйига қўнғироқ қилди. Неча ойлардир фарзандидан хабар кутган ота ўғлининг овозини эшитиб жуда ҳам севинади. Ота-ўғил анча вақт гаплашди. Узоқ вақт ҳасратлашганларидан кейин ўғли отасига бир илтимоси борлигини айтди. Урушда бирга бўлган ва оғир ярадор сафдошининг бир муддат уйида меҳмон қилиш истаги борлигини айтиб отасидан изн сўради. Отаси: “Албатта, меҳмон қиламиз”, деди ва шу гапининг ортидан нима дарди борлигини сўради. Ўғли қуролдошининг бир жангда оғир жароҳат олиб, бир оёғи ва бир қўлидан айрилганини айтди. Буни эшитган ота дарҳол бурнини жийириб, кундалик турмуш тарзини ўша ногироннинг вазиятига қараб шакллантира олмаслигини айтди. Ўғли дўстининг кимсасизлиги боис борадиган бошқа жойи йўқлигини, ўзига муносиб бир иш топгунча уйида яшаб туришини сўраб отасига ёлворди.
Отаси унинг тушунтиришларига қарамасдан уни узоқ вақт меҳмон қила олмасликларини ўғлига англатишга уринди. Йигитнинг жаҳли чиқиб телефонни ўчириб қўйди ва отасига бошқа қўнғироқ қилмади. Оиласи аскарни ва ўртоғини ҳамма жойдан қидирди, аммо уларнинг изини ҳам топа олмади. Ота бир куни янги газеталарни саҳифалаб ўтирар экан, мудҳиш бир хабарга кўзи тушиб қолди. Урушдан кейинги депрессияга чидай олмаган ўғли уйларининг шундоққина биқинида жонига қасд қилган экан.
...Майитни олиш учун борган ота – ўғлининг бир қўли ва бир оёғи йўқлигини кўрди...
ЎМИ Матбуот хизмати
Интернет саҳифаларидан олинди
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ