Ҳар лаҳзада Ерга фазода сузиб юрган кўплаб метеоритлар, астероидлар ҳужум қилади. Улар Ернинг атмосфера қобиғини ёриб киришга уринади. Лекин бу қобиқ уларни қайтариб туради. Космик жисмлар ҳаво қобиғи билан ишқаланиши натижасида ёниб кетади ва Ерга етиб келолмайди. Шунинг учун биз уларни деярли сезмаймиз.
Ернинг қаво қобиғи ерга таҳдид қилувчи ҳар қандай жисмни ёндириб юборади. Шунингдек, Ер атмосфераси Қуёшдан келувчи “Қуёш шамоли” деб аталадиган ўта зарарли жисмлар, нурлар ва хатарли кучга эга бўлган ультрабинафша нурларининг Ерга етиб келишининг ҳам олдини олади. Мабодо мазкур нурлар Ерга етиб келадиган бўлса, барча жонли мавжудотларни куйдириб, ҳаётни издан чиқариши мумкин.
Олимлар яқин йиллар ичида Ернинг магнит майдони борлигини кашф этдилар. Бу майдон атмосферадан юқори жойлашган бўлиб, атрофдаги барча космик хатарлардан Ерни ҳимоя қилиб турувчи “улкан том” ҳисобланади. Бу магнит майдон Ернинг магнитосфераси деб аталиб, минглаб километрларга чўзилиб кетган ва ажойиб тарзда Қуёшнинг ҳалокатли нурларига қаршилик кўрсатади. Ушбу магнит майдон асосида ҳосил бўлган камар фанда “Ван Аллен камари” деб аталади.
“Ван Аллен радиация камари” – Зарядланган зарраларнинг Ернинг магнит майдонида тутилган камарларидир. Юқори нурланишнинг биринчи барқарор тасмаси 1500 километр баландликдан бошланади ва 5000 километр баландликкача узайиб боради. Иккинчи камар ҳам худди шундай. Юқори рентген нурлари 13000дан 19000 километргача баландликка жойлашган. Ернинг магнит майдонида пайдо бўлган Ван Аллен радиация камари Қуёшнинг ҳаракатига жавобан кенгаяди ва сиқилади. Бу радиация камари 1958 йил кашф этилган. Юқоридаги суратда Ернинг магнит майдонида ҳосил бўлган “Ван Аллен радиация камари”ни кўриб турибсиз.
Бундай ҳимоя қобиғи Қуёш тизимидаги сайёралар ичида фақат Меркурий ва Ерда бор бўлиб, Меркурийнинг магнит майдони Ерникидан 100 марта заифдир. Ернинг магнит майдони ва атмосфераси жуда кучли бўлиб, Ерни зарарли нурлардан ҳимоя қилиш билан бирга Ерда ҳаёт давом этиши учун зарур бўлган нурларни керакли миқдордагина ўтказар экан.
Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳматидир. Улар эса Унинг оятларидан, мўъжизаларидан юз ўгиряптилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ерни ҳимоя қилиб турувчи атмосфера, магнит майдон ва улкан белбоғ ҳақида бундан ўн тўрт аср олдин айтиб қўйган. У Қуръонда шундай деган:
وَجَعَلْنَا السَّمَاء سَقْفاً مَّحْفُوظاً وَهُمْ عَنْ آيَاتِهَا مُعْرِضُونَ
“Осмонни сақланиб турувчи том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса, уларнинг аломатларидан юз ўгирувчилардир” (Анбиё сураси, 32-оят).
Субҳаналлоҳ!
“Космосдан ернинг кўринмас қалқони топилди”
мақоласи ва интернет маълумотларидан
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.
Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...
Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан