Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.
Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди. Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади.
Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.
Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
21 октябрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро филиали ҳомийлар кўмагида Бухоро шаҳридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги 3-сон кўп тармоқли мактаб-интернатида тарбияланаётган болажонларга хайрия ёрдами кўрсатди.
Тадбир давомида 130 нафар, нутқ ва эшитишда нуқсони бўлган болажонларга жами 14 миллион сўмлик кузги кийим-кечаклар эҳсон қилинди.
Ушбу хайрли ташаббус болажонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқимизга хос меҳр-оқибат ва саховат анъаналарини давом эттиришга қаратилган.
Барча хайрли ишларга Аллоҳ таоло барака ато этсин!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати