Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Ақл салтанати

27.06.2018   3948   2 min.
Ақл салтанати

Оқил шоҳ улус аҳволидан огоҳ бўлиб, халқ­нинг нима иш қилаётганини, таълим-тарбияси, яшаш шароити, оч-тўқлиги, ҳамма-ҳаммасини билиб туради. Юрти учун хизмат қилганларни муко­фотлаб, ўзига яқин олади. Салтанати ва халқига хиёнат қилганларни жиноятига яраша жазо­лайди. Шу билан бирга, раҳм-шафқат эшиги ҳам доимо очиқ туради. Қароқчи, ўғрилар­га раҳм қил­майди. Салтанати бузилиб, вайрон бўлмаслиги учун доимо сергак ва ҳушёр бўла­ди. Ҳар тонг давлати­нинг тинчлиги-фаровонлиги ва халқининг бах­тини сўраб дуо қилади.

Подшоҳ салтанатини вайрон қилмоқчи бўл­ган хоин, қароқчи, ўғрилар қилаётган гуноҳлари­нинг ёмонлиги, ҳар қанча яширинча иш қилма­синлар, айблари очилиб, оқибатда бир кун одил подшоҳдан жазо олишларини англаб, жазоланаётган ҳолларини кўз олдига келтириб юрадилар. Оқибати нима билан тугашини билсалар-да, қўлга тушсам бир гап бўлар тарзида нафс сўзига кириб, исёнларини орттириб бораверади. Уларнинг жиноятини зимдан кузатиб юрган подшоҳ вақти-соати келганида уларни қўлга олиб, жал­лодга топширади. Дор тагидаги осий эса бўй­ни­даги арқонни ва жаллоднинг қилич яланғоч­лаб турганини кўриб, қўрқувдан титраб, тавба қи­либ кечирим сўрайди. Аммо ҳукм ўқилган, чек­кан пушаймони ва қилинган тавба фойда бермайди.

Эй азиз фарзанд! Одамнинг жисми ҳам дав­лат кабидир. Ақл салтанат подшоҳидир. У жисм салтанатини адолатли бошқарса, олий мукофот олади. Ақл салтанати жисм давлатини гиёҳ­ванд­лик, майхўрлик, фаҳш ва гуноҳлардан қай­тар­маса, жисм салтанати гуноҳларга учраб, тезда қулайди. Жисм маънавий ва руҳий таназзулга юз тутади. Инсонни одамийлик, мўминлик фаз­лидан фосиқлик ва мунофиқлик ботқоғига боти­ради. Вайрона ва хароба юртдан одамлар қоч­га­ни каби, жаҳолат ботқоғига ботган кишидан имон, юзидан нур, қалбидан раҳм-шафқат ва илм қочади. Бундай инсонлар одамийлик фазли­дан бе­баҳра бўлади. Шу боис ақл салтанатини кўп китоб ўқиб, тажриба ва илмий изланиш би­лан тўйдирмоқ зарур.

Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   979   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар