Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Видолашув хутбаси”да шундай деганлар: “Эй инсонлар, хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри Илоҳий ила сизларга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳаққингиз бўлгани каби хотинларнинг ҳам сизларда ҳаққи бордир....”
Бу муборак хутбада олам-олам маъно ва оила бошлиқларига улуғ топшириқ ва буйруқ мужассамдир. Бир қарашда оила деган уммонда сузиб кетиш жуда осондек туюлади. Аммо бу анчайин қийин. Негаки, сизларга сўзлаб бермоқчи бўлган ҳаётий воқеадаги ҳодисотлар одамни анчайин ўйлашга мажбур этади. Энг ачинарлиси кимлар бундан тўғри хулоса чиқаради, кимлардир ғафлатда қолади!
Гувоҳи бўлганимдек, Муқаддас илмли, тақволи, ҳалим бир аёл эди. Турмуш ўртоғи билан кечган кўп йиллик турмушининг аччиқ изтиробини ичига юта-юта адои тамом бўлди. Оиланинг оғир юкини кўтариш, фарзандларини таъминлаш, ижара ҳаққини ўз вақтида тўлаб туриш ҳам унинг зиммасига охирги пайтлар жуда оғирлик қила бошлади.
Кунлар, ойлар шиддат билан йиллар ҳам ўтди. Ҳаёт деб аталмиш дарғанинг оғирини елкасида 15 йил кўтариб охири чарчади. На уйга бир сум пул олиб келади, на уйдан узоқларга кетганда бир оғиз аҳвол сўрайди... Эри унинг ёнида елкадош, ёрдамчи, ҳамдард бўлиш ўрнига ўз масъулиятидан четга чиқиб аёлининг ҳақларига риоя этмади. Лоақал ижара пулини тўлашни ўз зиммасига олмади.
Баридан тоқати тоқ бўлган Муқаддас бир куни эридан “жавобини беришини” сўради. Эри бошида унинг гапларига эътибор бермади. Кейинчалик бу сўзлар яна такрорлангандан кейин: “Мени қўядиган хотиним йўқ, сендан ажралишни истамайман”, деб рози бўлмади. Бир куни эри Муқаддасга “суннатга мувофиқ талоғингни бераман” деб бир талоқ берди. Иккинчи талоқни берди... Учинчисини беришга унча шошмади. Эр-хотин роса тортишишди, биридан бири ўпкалади. Тўрт боласи ҳам уларнинг ёнида барча баҳсларига гувоҳ бўлди. Тинмай ёғилаётган гап-сўзлар ёмғирини эрининг: “Бўлди бошинг очиқ, сенга сўнгги талоқни ҳам бердим!” деган сўзи тўхтатди. Гўё нимадир гумбирлаб тушгандек бўлди. Атроф узоқ сукунатга чўмди. Гарчи бундай яшашдан безиб жавобини беришини сўраган бўлса-да Муқаддаснинг шунча йиллик турмуши интиҳо топганидан юрак-бағри эзилди. Аммо на эри, на фарзандларига билдирди буни.
Сукунатни эрининг: “Мен нималар қилиб қўйдим, шошиб нималар деб қўйдим. Бу гапни айтмаслигим керак, эди” дея афсус-надоматлари бузди. Фарзандлар олдидан нари кетган эр-хотин, иккаласи ҳам тинимсиз йиғлай бошлади. Эр ҳам, хотин ҳам унсиз йиғлади. Бири айтган сўзидан афсусда бўлса, иккинчиси шунча йил асраб-авайлаган турмушининг чиннидек чилпарчин бўлганидан юрак бағри қон бўлди.
Эр уйни тарк этаркан фарзандлари қўлига оз-оздан пул берди. Хотини Муқаддаснинг қўлига эса анчагина пул бериб: “Рўзғорда нима кам бўлса айт?” деган сўзидан аёлнинг жони бўғзига келди. Аммо ҳеч нарса деёлмади. Эрини кузатгунча ўзини зўрға тутиб турган Муқаддас дод-фарёд солди: “Наҳот ТАЛОҚ деган сўз эримни бир пасда тарбиялаб, оилапарвар, меҳрибон ота ва масъулиятли бошлиқ қилишга қодир бўлса...
Куннинг кечида эшик қўнғироғи жиринглади. Муқаддас эшикни очиб кўзларига ишонмади. Эрининг икки қўли тўла гўё бутун бозорни кўчириб келган. Гўшт, сут, ёғ, рўзғорга керакли бўладиган барча озиқ-овқатларни харид қилиб келганди. Аслида:
“Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир” (Бақара сураси, 241-оят).
ТАЛОҚ – оила неъматидан айирса-да, унга оилада ҳақиқий оталик ва маҳрамлик масъулиятини ўргатди. Муқаддас эрини изидан жимгина кузатаркан, қизалоғи: “Барча фарзандларингиз номидан деб” бир мактубни қўлига тутқазди. Мактубда:
“Бизнинг оиламиз, бузилмас, мустаҳкам, бахтли, гўзал, чиройли, фариштали, баракали бўлишини тилаймиз. Барча эзгу-хайрли тилакларингиз амалга ошсин. Сизларга соғ-омонлик, бахт-саодат тилаймиз, онажон. Отажон биз сизларни доим кулишиб, фикрингиз бир жойдан чиқиб бахслашмаслигингизни хоҳлаймиз. Сизларга совға бу – БИЗ. Сизлардан бошқа болаларга ўхшаб бирор жойга айлантиришингизни ёки бирор совға олиб беришингизни ҳам сўрамаймиз. Фақат илтимос – АЖРАШМАНГЛАР! Бизга энг зўр совға – СИЗЛАР. Аллоҳдан оилавий хотиржамлик, уруш-жанжалларсиз яшашдан бошқа нарсани сўрамаймиз!”
Фарзандларингиз
Бомдод маҳали телефонга СМС келиб тушди.
Эр: “Мен барча айбларимга иқрорман, сизларнинг ҳаққингизга риоя қилолмадим. Менга сўз бер, ҳеч бўлмаса, у дунёда бирга бўлайлик”.
Хотин: “Хўп”.
Муқаддаснинг юраги юм-юм йиғлади. Умр бўйи эрининг шундай рўзғор тебратишини, ундан хол-аҳвол сўраб телефонлашишини йиллаб орзу қилганди.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан