Ўз уйингни ўзинг асра...
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Минор” маҳалласида уч ярим минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Юртбошимиз фармонига биноан, маҳаллаларда хотин-қизлар билан алоҳида ишловчи битта мутахассис фаолият кўрсатиши таъкидлаб ўтилди. Бу фармонда агар маҳаллада аёллар сони 2000дан ортиқ бўлса, иккита мутахассис ишлаши назарда тутилган. Бу фармон ижроси бўйича маҳалламизда режалар ишлаб чиқилмоқда.
Иш режамизга биноан бир сафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш мутахассиси Гулнора Шакиржонова билан навбатдаги оиладан хабар олиш учун бордик.
Уй соҳибаси Ҳакима опа (исмлари ўзгартирилди) ёшлари улуғ, катта оиланинг нуроний маслаҳатгўйи эканлар. Ҳикояларини қисқача келтираман:
“Тўғрисини айтай, дарвоза қўнғироғи чалинса, безовта бўладиган бўлиб қолдим, негаки, яна “Сизлар диний оқимга кирганлар рўйхатида турасизлар” деган гап миямга ток каби урилади. У оқимга кириш у ёқда турсин, ўша махсус рўйхатда туриш мен учун улкан қўрқув. Эшик жирингласа, нафақат ўзим, келин ва невараларим ҳам жовдираб менга термиладиган худди қачонгача бундай хавотирда яшаймиз, деяётгандек бўларди...
Шу тахлит анча йиллар ўтди. Тўғриси қўни-қўшни, таниш-билишлар олдида хижолат чекадиган, йиғин-давраларга қўшилолмайдиган бўлиб қолдик...”
Онахоннинг ҳикояси анчайин оғир бўлиб, унинг кўзларида ўша кунларнинг оғир излари, овозида эса қандайдир ўкинч-дард зоҳир эди. У жондан азиз невараларининг онаси бўлган келинлари учун куйинарди.
Онахон тўрт ўғил фарзандларини олий маълумотли қилиб, 15 невара 10 эваранинг бувижониси эканлар, аммо...
– Мана, онахон, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан шундай улуғ кунларга етишдингиз, энди нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
– Аввало, минг раҳмат шу одил юртбошимизга! Биз каби оналарнинг оҳини эшитдилар, адолатни қарор топтирдилар. Узоқ йиллар кутубхонада ишладим. Халққа китоблар орқали зиё улашдим. Иккала келиним ҳам меҳнаткаш, халқ хизматида. Рўзғорлари тинч, ҳаётлари яна ўз изига тушди. Чеҳралари ёришиб, ҳар кун адолатли қарор учун давлатимиздан миннатдор бўлиб, дуода яшаяпмиз.
Биз бу оила остонасидан узоқлашар эканмиз, билиб-билмай қилган гуноҳлари афв қилинган ёхуд қандайдир адашув натижаси ўлароқ “айбдор” бўлиб қолган ҳамюртларимиз бошидан қора булут аригани ростлигига қувондик.
Дилором КАРИМОВА
ЎМИ матбуот хизмати
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби