Ислом динида бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, ҳалол меҳнат билан топган молини зўрлик ва алдов йўли билан олиш, ўғрилик қилиш оғир гуноҳ, қабиҳ одат ҳисобланади.
Туғруқ жараёни қийин кечиб, Насибанинг фарзанди уч кун деганда дунёга келди. Аммо онани сақлаб қолиш учун болага анча шикаст етказилди. Натижада соғлом бола ногирон бўлиб туғилди. Унинг ДЦП ташхиси қўйилган боласига даво истаб бормаган шифохонаси қолмади. Қаерда яхши даволаш клиникаси бўлса, ўша ерга олиб борди. Афсус, даволанишлар натижасиз қолаверди. Ногирон боладан ор қилган ота ундан юз ўгирди, улар ажралишди.
Ёш бўлганлиги учун Насибага кўплаб оила қуриш таклифи тушди. “Фақат ногирон болангизни онангизга ташлаб кетасиз” ёки “болани ногиронлар уйига топширамиз” деган шартлар билан совчиликка келишарди. Насибанинг бор дунёси, ишончи, бойлиги ва бахти шу ногирон фарзанди эди. Фарзандим керак бўлмаганлар билан оила қуролмайман, деб барча совчиларни рад этди.
Орадан йиллар ўтди, Насибага бир “мард” учради. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам унинг бола ҳақида қайғуриб гапиришлари, ҳар икки гапнинг бирида “болани ўз исми-шарифимга оламан, даволатаман, қўлимдан келган барча имкониятларни қиламан. Бисотимда анча ерларим бор, уларни бирини сотиб албатта, уй-жой билан ҳам таъминлайман” дейишини канда қилмасди. Бу гапларни эшитган барча қариндошлар ҳам, “турмуш қуравер, бундан яхшиси бўлмаса керак. Ахир болангга ўз отасидан зиёд қайғурмоқда”, деб унга насиҳат қилишди.
Насиба болани даволата-даволата анча молиявий томондан ҳам заифлашиб қолди. Ўзининг иқтисодий томони ночорлигини ҳисобга олиб, Турғунбойга жуфтлик сифатида унчалик тўғри келмаса-да унга турмушга чиқди. Ўзини меҳрибон қилиб кўрсатган Турғунбой атрофдагилар наздида ўта савобгар деб танилди. Боланинг даволаниши учун 1-2 бор пойтахт харажатларини тўлагандай бўлдилар-да ҳамманинг ишончига кирди. Бир томондан берган пластик карточканинг эгаси бошқалигидан хавфсираган Насиба эрини саволга тутганда, шундай жавоб қилди: “Мендан анчагина қарзи бўлганлиги учун пластикда қарзини узиш учун берилган” деб алдаб қўйди.
Орадан бир йил ўтар-ўтмас фирибгарнинг асл башараси очила бошлади: “Аяси, менинг ишларим бироз юришмаяпти, илтимос, 4-5 сўм йўл кира бериб тур. Насиба эрига ачинибгина қолмай унга ўғлининг пенсиясидан “йўлкиралар” бериб турди. Бу йўлкираларнинг кети узилмасди.
Баъзида унинг қўлида кўпроқ пул тушиб қолишининг сабаби – бировларнинг ишончига кириб, алдаб қарз оларди. Кейин яна бир касби маълум бўлди-ки “Низоли одамлар орасига тушиб пул ундириш” (разборчик) бўлган. Бу ҳам унга бироз даромад келтириб турган.
Аслида ҳеч бир ишнинг бошини тутмаган Турғунбой ўзига бойлик келтирувчи сирли сандиқ топдим, дея Насибани бошини айлантирган экан.
Оиласини ижарага олиб чиқиб кетган Турғунбой ижара пулини ҳам Насибанинг ўзига тўлаттира бошлади. Насибага молиявий ёрдам бериб турган онаси Фотима аяга бу қимматга тушаётгани учун ижарадан қизи ва набирасини уйига кўчириб ўтди. Бир сўм пул топмагани етмагандай, уйга одам эргаштириб ичкиликбозлик қиладиган одатини бошлаб юборди. Ўзини жуда мўмин-қобил кўрсатган сохта отанинг хурмача қилиқлари секин-секин кўпая бошлади.
Насиба бир гал пенсия ва алимент пулларидан бироз орттириб қўй сотиб олди ва ўғлининг даволанишига яраб қолар, деб уни боқа бошлади. Бундан хабар топган Турғунбой адирда қўйларим бор, берсанг уларга қўшиб боқаман деб қўйни ҳам олиб кетди. Ва Фотима аядан ҳар ой қўй емлари учун 20-30 минг сум пул ҳам олиб кетарди. Олти ой ўтиб қўйни олиб келишини айтганда, Турғунбой пайсалга солди. Эрта олиб келаман, индин олиб келаман. Бир галги қистовлардан сўнг Турғунбой вақти йўқлигини рукач қилди. Шунда Фотима ая қўйни қаердалигини айтса, ўзи бориб олиб келишини айтди. Бу жавобни кутмаган Турғунбой қопқонга тушган сичқондай типирчилаб қолди. Ва “Қўйингиз касал бўлиб ўлди” деган жавобни айтди. Шу йўл билан ўзича қўйни ҳам “ҳалоллади”.
Бу орада ишим юришмаяпти, менга тегишли бўлган фермер хўжалигини асоссиз тортиб олишди, менга озроқ пул бериб туринг зора ишим ҳал бўлса, қарзларимни баридан қутиламан деб Фотима аядан 400 минг сум қарз ҳам сўради. Фотима ая ишлари ўнгидан келса, вазияти ўнгланса, зора барча қарзларимни берар деб умид қилгани ҳолда қарзга яна пул берди. Бундай қарзларнинг сони анчага ортди. Аммо тўлашни хаёлига келтирмаётган Турғунбой яна юзсизларча Фотима холанинг уйига келаверарди.
Бу орада Насиба яна фарзандли бўлди. Ўз боласи туғилар-туғилмас ногирон фарзанд унинг сохта тилидан ҳам тушиб қолди. У фақат ўз фарзанди ҳақида гапирарди: “Барча эътиборингни ўғлингга бериб, қизим эсингдан чиқмасин, яхшилаб қара”. Аммо ўз фарзанди харажатларига ҳам пул бермасди. Барча иқтисодий харажатларни Фотима ая ўз ёнидан қиларди. У эса ногироннинг пулини сарфлашдан нарига ўтмади.
Асл башараси очилган Турғунбойнинг яна ҳунарлари кўпая борди. Бир куни маҳалла сомсахонасида уч-тўртта ҳамтовоқлари билан 160 минг сўмга ичкиликбозлик ва сомсахўрлик қилиб: “Пулни хотинимдан оласизлар, унга бериб қўйганман” деб жўнаб кетибди.
Зеро, Қуръони каримда бундай иллатли кишиларни ҳаром йўлдан қайтишга, Аллоҳ насиб этган покиза ризқни истеъмол қилишга чақириб шундай дейилади: “Мол дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром йўллар билан емангиз...” (Бақара сураси, 188-оят).
Бу воқеалардан шокка тушаётган Фотима ая чидаб туролмади: “Барча қарзларимни тўлайсан, шунча сабр қилганим етар” деганларида: “Мен сиздан ҳеч қанақа қарздор эмасман, бироз бўлса-да хотин бола-чақамни боқдим, шуларнинг эвазига қарзларингизни айирбошлаймиз”, деди мунофиқона.
Бу гаплардан фиғони фалакка чиққан Фотима ая: “Майли, пулим ҳам керакмас, сенга садақа, аммо мени тинч қўй, уйимга қадам босма”, дедилар.
Насиба қаттиқ алданганини тобора ҳис қилиб борарди. У бу ишларга қандай ечим топишини билмай қолди. Ундан қандай қутулишни ҳам. Ахир уни ҳам боқишга, хурмача қилиқларини кўтаришга ва ичкиликбозлигига ортиқ бардош беролмайди. Энди бу одамдан қандай қутулса бўлади. Ахир бу ниятда унга турмушга чиқмаган эди-ку!
Мубина ИХЛОСОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот: «Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.
«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки дўзахга», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).
Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.
Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.
Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.
Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.
Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.
Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.
Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди