Бугун замонамизда камчиликларни акс эттирадиган кўзгулар анча хиралашиб қолган. Одамлар орасидаги меҳр-оқибат, самимият ва ҳокисорлик йўқолиб кетмоқда. Одамзод яратилгандан бери нафс билан кураш макон ва замонлар ўтса ҳам тўхтамайди. Ўз орзу мақсадлари йўлида жон куйдиради. Нафснинг палаклари ҳакалак отмоқда. Руҳиятимизни ўзимизники бўлмаган нарсалар учун эзиб, асабларимизни таранглаштириб қўямиз. Фақат бир тарафлама ўйлаб фикри ожизлик қилиб, шайтоннинг хийлалари ва тузоғига тушиб қоламиз.
Аллоҳ таоло: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят). Яъни, инсон бекорга яратилгани йўқ, унинг масъулияти, вазифаси, мажбурият бор ва уларни бажариш осонлик билан бўлмайди.
Аллоҳ таоло дунё ва инсонларни яратиб, имтиҳон қилиш билан бениҳоя Қодир Зот экани зоҳир бўлади. Синовлар орқали бандалар Аллоҳнинг ниҳоятда меҳрибон, беминнат ризқ берувчи, гуноҳларни кечирувчи, ризқни хоҳласа танг ва тор қилувчи, комил илм соҳиби ва бошқа сифатларни кашф қилишади.
Маъданлар юқори ҳароратда қиздирилиб, тобланиб, соф олтин ҳолига келтирилганидек, инсонлар ҳам шу каби синов оташларида тобланиб, покланиб юксалади. Бутун йиғиб-терганинг кулга айланса ёки ўзгалар қўлига ноҳақ ўтса, чидаш мушкул. Лекин дунёни уни Яратган Зотнинг Ўзи беришига, Ўзи олишига ишониш, қалбни хотиржам қилади. ҳар бир катта кичик синовларга сабр ва розилик ила қараш ва дуони кўпайтириш нажот йўлидир.
Қалбимизда имон зиёси ҳаётимиздаги синовлар орқали ортади ундан норозилик вужудимизда касаллик пайдо қилади. сабр ва розилик танамиз ва руҳимизни поклайди.
Турмуш синов ва машаққатларга тўла. Жуссамиз ва руҳиятимиз юз бераётган кутилмаган зарбалар остида анча заифлашиб қолган бўлмасин, барча қарама-қаршиликларга ижобий жавоб қайтаришга бартараф этилганга ўхшайди. Англатилаётган барча илмлар амали фақат бир маънога хизмат қилади. қораликка нисбатан оқликни, ёмонликка нисбатан яхшиликни кўпайтириш!
Унинг синовлари, берган дарди-ю ташвишлари сени Ундан шикоят этишга жазм эттиролмагани каби ёнингдаги ҳамроҳингга ҳам Унга бўлган итоатингнинг айни бўлмаса-да сийрати назаринда итоатда бўлиш яхшироқдир. Ҳамроҳингдан келган озорлар сени бош кўтаришга бошламасин, худдики Ундан келган синовларга, синов эгасидан розилигинг он қадар кучли бўлса, ҳамроҳингнинг муомаласига ҳам шу каби муносабатда бўл.
Кўпчилик аёлларимизни турмушнинг оғир юки енгиб қўйган. Тирикчилик қиламан деб жони халак. Унга уни таъмин этадиган эр эмас, “таъминла мени” дейдиган эр синов қилиб берилган. Бир ёқда бир этак бола. Моддият орқасидан кунда уйда жанжал. Бундай ҳаёт кечираётган аёл қалбида итоатдан кўра алам ва нолишни топишингиз мумкин. Яшаб ўтган йиллар йўлидан қайта юришга имкон бўлмайди. Ҳамроҳингиздан келган нохушликлар ҳам Унинг хоҳиши билан келур. У ҳеч бир ишдан бехабар эмас. Итоатда эса инкорга ўрин йўқ.
Зилола ЯРАШБЕК қизи
Тошкент Ислом институти
услубчи-мураббийси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди.
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.
Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.
Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.
“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.
Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.
“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.
Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:
Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги.
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.
Даврон НУРМУҲАММАД