Маълумки, Тошкент шаҳри Республикамизнинг пойтахти, қолаверса ҳар кун юзлаб, минглаб хорижий ва юртимиз меҳмонлари ташриф буюрадиган марказий шаҳар ҳисобланади. Ўз навбатида, пойтахтда фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам ҳар жиҳатдан билимли, тажрибали бўлишлари лозим. Ушбу шаҳарнинг бош имом-хатиби эса нафақат республика балки минтақа ва дунёда ўз ўрнига, обрў-эътиборга эга олим бўлишлигини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугун, 26 июнь куни пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида Тошкент шаҳар имомларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора раиси ўринбосари вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, ўз навбатида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Минор» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.
Йиғилиш ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими