Салаф солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар суннатга амал қилиш борасида бизларга гўзал намуна бўлишган.
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: "Қайси ҳадисни ёзиб олган бўлсам, унга амал қилганман", деганлар. Шуни эслатиб отиш лозимки у киши йиғган ҳадис тўпламидаги ҳадисларннг сони 40 минга етади. Демак шунча ҳадисга амал қилганлар дегани, келиб чиқади.
Суннатга амал қилиш борасида Аҳмад ибн Ҳанбал: "Агар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини мана бундай қирганлар, деган маънодаги ҳадисни эшитсанг, сочингни бир толасини бўлса ҳам худди пайғамбаримиз қирганларидек қиргин ", деганлар.
Инсон бир кун бўлсада ўз суюкли пайғамбари билан бирга яшаб, сўзида, амалида, юриш -туришида, инсонлар билан бўлган муомиласида, унга рўпаро бўлган муаммони ечимида у зотдан ўрнак олиб, суннатларига эргашиб яшаса қандай ҳам улуғ бахт бўлади. Ахир нимага улуғ бахт бўлмас экан, у инсониятнинг афзали бўлмиш пайғамбаримиздек улуғ зотга ўхшаб яшашга урунди, у зот қилган ишларни қилди. Агар шуни бахту саодат демасак унда нимани бахт дейиш ммкин?!
Сизчи, сиз азиз диндош биродарим? Бир синаб кўринг! Ҳеч бўлмаганда умрингизнинг бир кунини Оламларга раҳмат бўлиб келган зот пайғамбаримиздек ўтказинг!
Валий зотлардан бири уйига келганида аёли хомуш бўлиб, "Уйимизда ҳечвақо қолмади", деганда ҳалиги валий зот хурсанд бўлиб Аллоҳга ҳамд айтган экан. Бу ҳолатдан ажабланган аёли: "Уйда ҳеч вақо қолмади десаму, сизнинг хурсанд бўлишингиз нимаси", деб сўрабди. Валий зот кўзида қувонч ёшлари билан: "Аллоҳга шукрки бир кун бўлсада уйимиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига ўхшади", деган экан.
Нурмуҳаммедова Васила
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан