Муҳожир дегани, тарк қилувчи, бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтувчи деган маъноларни англатади.
Сийрат китобларида зикр қилинган муҳожирлар эса, асли маккалик кишилар бўлиб, дину иймон учун она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган зотлар тушунилади. Уларнинг кўплари ҳижрат сабабли мискин, фақирга айланган эдилар. Улар фақат Аллоҳ берадиган фазлини деб ва Унинг розилигини топамиз деб, бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан Аллоҳнинг ишига ва Пайғамбарга қўлларидан келган ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни иймонларида содиқ кишилар, деб мақтаб, Ҳашр сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилган:
«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар» (Ҳашр 8-оят).
Яна бошқа оятда Аллоҳ муҳожирларга охиратда тайёрлаб қўйган мукофот ҳақида хабар бериб айтади:
«(Маккадан) ҳижрат қилган, юртларидан бадарға қилинган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг гуноҳларини каффорат қилурман ва Аллоҳнинг мукофоти сифатида уларни остиларидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат (боғлари)га киритурман. Аллоҳнинг ҳузурида (мўминлар учун) яхши савоблар (бордир)» (Оли Имрон 195-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирларни фазлини баён қилиб: «Агар ҳижрат бўлмаганида, ансорийлардан бири бўлардим», деганлар. Яъни ҳижратнинг фазли ансорий бўлишдан устун. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиснинг ўзида ансорлик ҳам нақадар улкан мақом эканини билдириб: «Ансорлардан бири бўлардим», демоқдалар.
Имом Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда муҳожирларнинг фазли янада равшан бўлади:
عن أبي سعيد الخدري قال : قال رسول الله - صلى الله عليه وسلم - : " إن للمهاجرين منابر من ذهب يجلسون عليها يوم القيامة قد أمنوا من الفزع " .رواه المناوي
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида муҳожирлар учун олтиндан ясалган минбарлар бўлади. Улар унга ўтирадилар. Муҳожирлар (қиёмат) қўрқинчидан омонда бўладилар», дедилар».
Доктор Абдуллоҳ Тароблусий муҳожирларнинг фазлларини жамлаб қуйидагиларни санаб чиққанлар:
· Илк мусулмонлар жамоаси муҳожирлардан экани;
· Пайғамбарликни биринчи тасдиқлаган саҳобалар ҳам муҳожирлардан экани;
· Пайғамбарга биринчи саҳоба бўлган инсонлар ҳам муҳожирлардан экани;
· Пайғамбарни ҳимоя қилган илк жамоа ҳам муҳожирлардан экани;
· Ислом даъватини бошқаларга етказган илк саҳобалар ҳам муҳожирлардан экани;
· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиган илк жамоа;
· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижратда ҳамроҳ бўлган саҳоба ҳам муҳожирлардан экани;
· Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам муҳожир эканлари;
· Аллоҳ таоло муҳожирларни Қуръонда мақтаб зикр қилгани;
· Аллоҳнинг Ўзи уларнинг барчасидан рози бўлгани ҳақида хабар бергани;
· Энг олий мақомлардан бири ҳисобланган собиқунлар ҳам муҳожирлардан экани;
· Тириклигида жаннатийлиги башорат берилган ўнта саҳоба ҳам муҳожирлардан экани;
· Тўрт буюк халифалар ҳам муҳожирлардан экани;
· Аллоҳнинг Ўзи муҳожирларнинг иймонда содиқ эканларини таъкидлагани;
· Қиёмат кунида уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиши;
· Энди бу мақомга қанча уринмасин ҳеч ким сазовор бўлолмаслиги.
Нурмуҳаммедова Васила
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан