Тоғларнинг деярли барчаси Саудия Арабистонида бўлиб, уларнинг қадимий номи муҳим тарихий воқеаларга боғлиқ. Шу боисдан аксари муқаддас саналади ва бутун дунё мусулмонлари ушбу тоғларга зиёратга келади.
Софа ва Марва Маккадаги икки муқаддас тепалик. Уларга бориш ҳаж ва умрани бажариш амалларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда:
إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَآئِرِ اللّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ
“Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)” (Бақара сураси, 158 оят).
Софа ва Марва Зам-зам булоғига яқин жойда жойлашган. Исмоли алайҳиссалом чақалоқлигида онаси Ҳожар ана шу ерда туриб Аллоҳдан сув сўраб илтижо қилган ва Аллоҳ таоло Зам-зам сувини ато этган.
Арофат тоғи ҳам зиёратчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ерда ҳам ҳаж амалларидан бири бажарилади. Арофат тоғи Жаннатдан ҳайдалган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ер юзида топишган азиз жой саналади.
Жабал ан-Нур тоғининг номи ўзбекчага таржима қилинса, нурли тоғ деган маънони билдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан шу тоғдаги Ҳиро ғорида кўп йиллар одамлардан холи қолиб ибодат қилганлар. У зот алайҳиссаломга биринчи ваҳий ҳам шу ерда нозил бўлган. Нурли тоғнинг баландлиги 642 метр, Маккадан 3,5 километр узоқликда. Ҳиро ғори тоғнинг шимоли-шарқий тарафида бўлиб худди туянинг ўркачига ўхшайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклардан яширинган Савр тоғининг баландлиги 728 метр. Аллоҳ таоло:
إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
“Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)” (Тавба сурасининг 40-ояти).
Ухуд тоғи Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу тоғ атрофида қурайш мушриклари билан катта жанг қилгани сабабли машҳур. Ушбу жангда мусулмонлар кўп талофат кўради, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб қариндошлари, яқинлари ва саҳобалари шаҳид бўлади. Расули акрам: “Ухуд шундай тоғки, биз уни севамиз ва у ҳам бизни севади”, деб марҳамат қилганлар.
Варган ёки Ҳаммат тоғи Мадинаи мунавваранинг жануби-ғарбий қисмидаги Хебт қишлоғи ҳудудида.
Тоғнинг мислсиз гўзаллиги араб шеъриятида тараннум этилган ва кўплаб араб шоирлари унга бағишлаб қасидалар ёзган.
Дахул ва Хуммал тоғлари қирол ал-Зилил асарларида тилга олинган энг машҳур тоғлардан саналади.
Ўми матбуот хизмати
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.