Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2018 йилда Тошкент шаҳридан муборак ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар билан йиғилишлар ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишлар шаҳардаги туманлар кесимида ташкил қилиниб, унда Тошкент шаҳар Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, туман ҳокими ўринбосарлари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари қатнашмоқда.
Учрашувларда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу учрашувлар якунлангач, зиёратчилар гуруҳларга бўлиниб, уларга тайинланган гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳам зарур тушунчалар бериш давом эттирилади.
Жорий йилда муборак ҳаж мавсуми тўлиқ август ойида ҳамда қисман сентябрь ойига тўғри келади.
Мақсуд Каримов тайёрлади
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан эълон қилинган "Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги" доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар, махсус курслар ва семинар-тренинглар бошланди.
Булардан дастлабкиси 2025 йил 6 май куни Мир Араб олий мадрасасида учрашув бўлиб ўтди.
Махсус курс Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М.Муҳаммадсидиқов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ж.Элов шунингдек, устоз ва талабалар иштирокида бўлиб ўтди.
Сўзга чиққанлар томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, Концепциянинг аҳамияти, 2025 йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан жорий этилган янги тизимлар ҳақида фикрлар билдирилди.