Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2018 йилда Тошкент шаҳридан муборак ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар билан йиғилишлар ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишлар шаҳардаги туманлар кесимида ташкил қилиниб, унда Тошкент шаҳар Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, туман ҳокими ўринбосарлари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари қатнашмоқда.
Учрашувларда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу учрашувлар якунлангач, зиёратчилар гуруҳларга бўлиниб, уларга тайинланган гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳам зарур тушунчалар бериш давом эттирилади.
Жорий йилда муборак ҳаж мавсуми тўлиқ август ойида ҳамда қисман сентябрь ойига тўғри келади.
Мақсуд Каримов тайёрлади
Хабар берганимиздек, бугун Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Мотуридий таълимоти билимдони” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги саралашдан ўтган талабалар иштирок этмоқда.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Беллашув Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган. Иштирокчилар мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари ва ақидавий ечимлари бўйича ўз билимларини намоён этишмоқда.
Бу мусобақа — илм, маърифат ва соф эътиқодни мустаҳкамловчи муҳим воқелик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати