Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2018 йилда Тошкент шаҳридан муборак ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар билан йиғилишлар ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишлар шаҳардаги туманлар кесимида ташкил қилиниб, унда Тошкент шаҳар Ҳаж ва Умра ҳайъати масъуллари, туман ҳокими ўринбосарлари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари қатнашмоқда.
Учрашувларда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб қоидалар тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу учрашувлар якунлангач, зиёратчилар гуруҳларга бўлиниб, уларга тайинланган гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳам зарур тушунчалар бериш давом эттирилади.
Жорий йилда муборак ҳаж мавсуми тўлиқ август ойида ҳамда қисман сентябрь ойига тўғри келади.
Мақсуд Каримов тайёрлади
Жорий йилнинг 10 май куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Қўрғонтепа туманидаги “Юнус Али Охунд” жоме масжидида вилоятнинг шаҳар ва туманлари бош имом-хатиблари, отинойилар ва ҳожилар иштирокида Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳрида фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатибларининг фаодият самарадорлигини ошириш юзасидан сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Даставвал семинар иштирокчилари бўлган шаҳар-туман бош имом-хатиблар, отинойилар томонидан ўзларига бириктирилган хонадонларга кириб, аҳоли билан юзма-юз кўришиб, уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Сўнг эса шаҳар-туман бош имом-хатиблари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, намозга келган жамоатга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Семинар йиғилишида эса нотиқлар томонидан Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳридаги масжидларнинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилиб, туманида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолият самарадорлиги ошириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, тумандаги Масжид имом-хатиблик фаолиятида намунали ва фаол мехнат қилаётган имом-хатиб вилоят бош имом-хатибининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Семинар якунлангач эса, қозидомла бошчилигида масжид ҳудудига яхши ниятлар ила ўн туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Андижон вилоят вакиллиги Матбуот хизмати