Қозоғистон ҳудудида сақланиб қолган, мусулмонларга тигишли бўлган энг қадимий масжид реставрация қилинди. Бу ҳақда «Исламосфера» нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, Жамбул вилоятининг Тараз шаҳрида жойлашган масжид реставрациядан сўнг ажойиб сайёҳлик объектига айланди.
Қозоғистон мусулмонлари идорасининг собиқ раҳбари Абдусаттор Дербисалининг айтишига қараганда, қадимий Тараз шаҳрини Қозоғистоннинг Ислом пойтахти дейиш мумкин.
Тахминий ҳужжатларга қараганда, масжид VII асрда бунёд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Кеча, 18 декабрь куни Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва бош отинойилари билан 2024 йил сарҳисоби бўйича якуний йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида Хайрулло домла Саттаров юртимиз тараққиётининг янги даврида диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, имом-домлалар ҳар бир ишни қонунчилик доирасида амалга оширишлари ва дин пешвоси бўлган имомлар жамиятнинг энг намунали кишиси бўлишларига катта урғу қаратди.
Таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Хайрулло домла кейинги йилларда вилоятимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётгани, имом-хатиблар шариат ходими сифатида халқимиз диний эҳтиёжини қондириш ва хайрия ишларини кенг кўламда адо этаётганларини таъкидлаш баробарида баъзи имом-хатиблар фаолиятида камчиликлар кўзга ташланаётгани, улар ўзларини ислоҳ қилишлари лозимлигини алоҳида қайд этди.
Йиғилиш давомида мутасаддилар ўтaётган йил якунлари ва келгуси йилги режалар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, масъулларга соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда отинойилар олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимини янада жонлантириш, оилаларни яраштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди ва турли бидъат-хурофотларга йўл қўйилмаслиги борасида алоҳида тўхталди.
Адашиб Ислом динига ёт турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, бироқ хатосини англаб етиб, чин тавба қилган хотин-қизларга динимизнинг соф таълимотини етказиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш сўнгида фаолияти яхши деб топилган ва бошқаларга намуна бўлган бир гуруҳ фаоллар раҳбарият томонидан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати