Жорий йилнинг 20 июнь куни “Кўкалдош” номли ўрта махсус ислом билим юртида 2017-2018 ўқув йили битирувчи талабаларининг “ХАТМОНА – 2018” байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрамона тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Абдулазиз Мансуров, Иброҳим домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, фахрий устозлардан Муродилло домла Ходжаев, Абдусалом домла Восиев, Абдулло домла Исмоилов ва талабаларнинг ота-оналари ташриф буюрдилар. Тадбирни кириш сўзи билан билим юрти мудири З.Мирсодиков очиб бериб, барчани ўтган Рамазон ҳайити билан қутладилар, тадбир ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди ва юртимизда диний таълимга бўлган эътибор, билим юртининг эришган ютуқлари ҳақида гапириб тадбирни очиб берди.
Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров сўзга чиқиб, битирувчи талабаларга ва тадбир қатнашчиларига самимий табрикларини изҳор этиш билан бирга ўзларининг панд-насиҳатларини билдириб ўтдилар.
Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамовлар талабаларга ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан мисоллар келтириб битирувчи талабаларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақиятлар тилаб, келажакда ўқишларини давом эттириш учун омадлар тиладилар.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларнинг табрик сўзларидан сўнг билим юрти мударрис ва талабаларини тақдирлаш қисми бўлиб ўтди. Унда билим юртида фидокорона хизмат қилаётган устозлар ва намунали хулқи ва аъло баҳолари билан фаол иштирок этаётган талабалар билим юртининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шунингдек, ушбу байрамона тадбирга ташриф буюрган муҳтарам ота-оналар ҳам иштирок этиб, ўзларининг дил изҳорларини айтиб, айниқса, устозларга ташаккурлар билдиришди.
Тадбирнинг бадиий қисмида битирувчи талабалар ўзлари тайёрлаган шеър, манолог ва дил изҳорларини намойиш этдилар.
Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан ўқилган хатми Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар руҳларига бағишланди. Барча тадбир қатнашчилари байрам дастурхонига таклиф қилинди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.