Жорий йилнинг 18-июнь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида 2017-2018-ўқув йили битирувчи талабаларнинг хатмона кечаси бўлиб ўтди. Кечага мадраса ўқитувчилари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари, масжид имом-хатиблари ва ота-оналар иштирок этди.
Дастлаб, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, мазкур мадраса мудири Шамсутдин Бауатдинов сўзга чиқиб, сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, мўмин-мусулмонларга яратилаётган имкониятлар, кўз қувонарлик даражадаги янгиликлар, шунингдек, Нукус мадрасаси талабаларининг эришган юутуқлари ҳақида бирма-бир тўхталди. Мадраса битирувчиларини табриклаб, уларнинг келажакдаги ишларига муваффақият, олийгоҳ талабаси бўлишлари учун омадлар тилади.
Тадбир давомида мадраса битирувчилари иштирокида ажойиб нашидалар ижро этилди. Битирувчилар мадрасада таълим олиш давомида илмнинг сир-синоатларини ўрганишда йўл кўрсатган азиз устозларига ўзларининг миннатдорликларини изҳор этишди.
Исламатдин АЛЛАНОВ
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.