Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугун, 19 июнь куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Форумда сўзга чиққан муфтий ҳазратлари икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстона алоқалар бугунги кунда ҳам изчил давом этаётгани, бу хайрли ишларда икки мамлакат раҳбарларининг ўзлари жонбозлик кўрсатаётгани қувонарли эканини таъкидладилар. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ислом дини ривожи, алломларимизнинг бебаҳо асарларини ўрганиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда сўзлаган нутқларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚ ҲАМКОРЛИГИ
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله و الصلاة و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه الأجمعين أما بعد...
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида жадал ривожланмоқда. Бугун биз, Ўзбекистон вакиллари, Сиз қозоқ биродарларимизга ўзбек халқининг самимий саломларини етказишдан ғоят мамнунмиз.
Мана шундай муҳташам кошонада сиз азиз, қадрдонлар билан “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда кўришиб турганимдан чексиз мамнунман. Ушбу Форум Қозоғистонда 2018 йилни “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилаётгани бизга катта қувонч бағишлади.
Халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Биз азалдан бир заминда яшаймиз, бир дарёдан сув ичамиз. Оғир пайтларда ота-боболаримиз бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган.
Қозоқ халқини бирлаштирган уч буюк бийдан бири – Тўлабий номи чиндан ўз халқи ва ватанига садоқат рамзи бўлиб қолган. Тўлабийнинг мангу қўним топган жойи бизнинг заминда экани халқларимиз ўртасидаги абадий дўстлик ифодасидир.
Улуғ мутасаввиф инсон Хожа Аҳмад Яссавийнинг фаолияти донолик мезони бўлиб, Ўрта Осиёдаги халқларни бирлаштириб, жипслаштиргани ҳаммамизга маълум. Аҳмад Яссавийнинг шогирди, “Яссавия” тариқати давомчиси Чимир ота исмли авлиё ҳам аксар умрини Тошкентда ўтказган ва вафот этгандан кейин шу ердаги қабристонга дафн этилган. Шунинг учун ушбу қабристон Чимир ота номи билан аталади. Ушбу қабристон ёнида “Чимир ота” жоме масжиди ва мақбараси барпо этилган. Ҳар йили май ойининг биринчи шанба куни Чимир ота хотирасини ёд этиш ва мақбарасини зиёрат қилиш учун қозоғистонлик меҳмонлар ва маҳаллий кишилар келишади. Унда ўзбек-қозоқ халқлари ота-боболари бир-бирига азалдан қардош экани, шу кунларда ҳам дўсту биродар бўлиб яшаб келаётгани таъкидлашади.
Қозоқ биродарлар айтгандек, “ўзбегим – ўз оғам” бўлса, ўзбеклар айтгандек, “қозоқ йўлдошинг бўлса, йўлдан адашмайсан” деган ибораларда жуда катта ҳикмат бор.
Марказий Осиё халқларини буюк мақсадлар йўлида, келажак йўлида бирлаштиришда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан жуда кўп ишлар амалга оширишмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Мамлакатларимиз диний идоралари билан алоқалар кенг йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш керак. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида яхши натижаларга эришилмоқда. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Ўзбекистон, Қозоғистон мусулмонлари идоралари уламолари билан кенгашиб, якунда бир тўхтамга келингани ўзаро ҳамкорликнинг жуда катта ижобий самараси бўлди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, мана шундай хайрли ишларда барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб ёндошсак, олдимизга қўйилган мақсадларимизга эришамиз, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таборака ва таоло Каломи шарифида:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..”, деб марҳамат қилганини доимо ёдда сақлашимиз лозим.
Муҳтарам йиғилиш қатнашчилари!
Ўзбекистонда диний соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар, ижроотлар амалга оширилмоқда. Бир вақтлар хаёл қилиш ҳам қийин бўлган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Ўтган ярим йил мобайнида жуда ҳам катта ишлар қилинди, айримларини келтириб ўтамиз:
Мана шундай хайрли ишлар Қозоғистон давлатида ҳам бўлаётганидан хабаримиз бор. Бунинг учун барчамиз эртаю кеч, туну кун Парвардигорга шукрона келтиришимиз ва астойдил, ихлос билан меҳнат қилишимиз керак бўлади. Зеро, Қуръони азиймуш-шаънда қуйидагича марҳамат қилинади:
رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ
“Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19).
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси сиз-азизлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттиришга тайёр эканини билдирган ҳолда “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форум ишига муваффақиятлар тилайман.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби