Уламолар ниятни руҳга, амални жисмга қиёслаб, ният бўлмаса амал суратдан бошқа нарса эмас, дейишган. Шу боис, улуғлар амални ниятсиз бошламаганлар. Ислом оламидаги кўпгина беназир асарлар “амаллар ниятга боғлиқдир”, “ҳар кимга ният қилгани бўлади” каби муборак ҳадислар билан бошланади. Хусусан, асарлари жаҳон маданияти ва маърифати дурдоналари бўлган Жалолиддин Румий “Ичиндаги ичиндадир” асари “Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир...” ҳадиси билан, Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикамул атоийя” китоби эса “Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир” ҳикмати билан бошланади. Тафаккур қилинса, бу асарларнинг муқаддимаси моҳияти ният билан боғлиқ.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Хислатли ҳикматлар шарҳи” тўпламини “Бандаларига нафсларини поклашни ва хулқларини сайқаллашни фарз қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!” дея бошлайдилар.
Аслида “Бисмиллоҳсиз бошланган ишнинг охири кесикдир” деган ҳадис ҳам банданинг ниятига бориб тақалади. Ҳаётда кунда, кун ора ниятнинг нақадар аҳамиятли эканига гувоҳ бўламиз.
Фарзандини ёлғиз боши билан вояга етказган бир опа тўрт-беш йил олдин “Вақти-соати келиб, қизимнинг ўқишга киришига яраб қолар”, деб жамғарган пулини савдогарга фоиз ҳисобидан бериб қўйган экан. Қарангки, ўша қизнинг тўплаган бали давлат ҳисобидан ўқийдиган ёки шартнома асосида таълим оладиган гуруҳнинг эмас, қўшимча шартнома (супер контракт) эвазига ўқийдиган гуруҳнинг рўйхатида турибди-да. Опа ҳисоблаб кўрса, ўтган йиллар ичида пули болалаб-болалаб етмиш миллионни “пайдо қилибди”. У судхўр шеригининг олдига шошди. Шерик эса бундан икки-уч йил бурун касодга учраб, қарзлар ботқоғидан чиқолмай қолганди. Ёрти ниятли опа қанчалик чиранмасин, ундан пулини ололмади. Оқибатда, ўзи ўйлаган мезондан дақиқроқ ва қатъийроқ низомларнинг борлигига, ишнинг натижаси ният билан хайрли бўлишига тан берди.
Энди мана бу воқеани мулоҳаза қилайлик:
...Бундан анча йиллар аввал бир никоҳ ўқилди. Мулла Дўстмуҳаммад домла (Аллоҳ раҳмат қилсин) ақдни боғлашдан олдин маҳрни икки миллион этиб белгиладилар. Ҳамма ҳайратланди (Ўша пайтда икки миллион анча катта пул эди). Сўнг лафзларини жамоатга ҳавола этиб, уларнинг изни билан Аллоҳ ризолиги учун бир миллиондан, Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) розилик, шодлик ва хотиротлари юзасидан беш юз мингдан, ўша ерда жамланган ва жамланмаган мўминларнинг ҳурмати риоясидан икки юз эллик мингдан кечиб юбордилар. Маҳр пули икки юз эллик минг сўм қолди.
Бу воқеадан сўнг қўлдан катта миқдордаги пул бой берилгани учун келин бўлмишнинг қариндошларидан баъзилари куйинди, аммо келиннинг ўзи никоҳ арафасида шунча яхшиликни қўлга киритибман-а, деб хурсанд бўлди. У аёл ҳалигача ўша воқеани шукрона, миннатдорчилик билан эслайди.
Муслима Ҳусниддин қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хиндистоннинг буюк уламоларидан Маҳмуд Девбандий ва у кишининг шогирди Ҳусайн Аҳмад Маданий ҳинд диёрини инглиз мустамлакачиларидан озод қилиб, яна мусулмонларга ўтказишга ҳаракат қилишганини сезган Англия ҳукумати бу икки забардаст олимни Ўрта Ер денгизидаги Малта оролига сургун қилиб, шу ерда ҳибс қилган.
Қамоқхонага кираётган пайтда Маҳмуд Девбандий йиғлаб юборган эканлар. Шунда шогирдлари Ҳусайн Аҳмад Маданий нега йиғлаётганларини сўраганида «Энди Рамазонда Қуръон хатмини қаерда эшитаман?» деган эканлар. Икковлари ҳам олим бўлишган эканлар-у, лекин мураттаб қори эмас эканлар. Рамазонга тўққиз ой қолган пайтда Ҳусайн Аҳмад Маданий бир Мусҳаф топтириб, 9 ой ичида Қуръонни ёд олиб, Рамазонда хатмга ўтиб берган эканлар. Шунда устозлари: «То қиёматга қадар авлодингдан қори узилмасин!» деб дуо қилган эканлар.
Ҳусайн Аҳмад Маданийдан учта ўғил қолган. Улар Асъад Маданий, Аршад Маданий, Асжад Маданий. Бир қизларининг уйида 40 та мураттаб қори бор экан. Аршад Маданийнинг 10 та фарзанди (7 ўғил, 3 қиз) бор, ҳаммаси мураттаб қори экан.
Буюк устозни зиёрат қилиш мақсадида одамлар Ҳиндистондан кемага чиқиб, Малтага боришар экан. Инглизлар эса уларни қамоқхонага қўймагач, ҳеч бўлмаса, шу ерда устоз бор-ку, бизга зиёрат савобини берар дея, қамоқхона атрофини айланиб, дуо қилиб кетишавераркан.
Шунда Ҳусайн Аҳмад Маданий устозларига: «Устоз, бизни зиёрат қилгани келаётган одамларнинг кети узилмайди, лекин уларни бизга кўрсатишмаяпти, шу ерни айланиб-айланиб қайтишаётган экан» деса, Маҳмуд Девбандий айтган эканлар: «Қараб тургин, буларнинг ихлоси сабаб Аллоҳ таоло уларнинг болаларини қори қилади!».
Девбанд қишлоғининг нарироғида Амроҳа деган кичкина қишлоқ бор. У ерда 5000 та мураттаб қори бор. Ундан ҳам нарида Кандеҳла деган қишлоқ бор. Унда эса биронта ҳам мураттаб қори бўлмаган аёл йўқ!
Устоз Ёрқинжон қори раҳимаҳуллоҳ