Саудия Арабистонининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Файсал Aл-Қаҳтаний Мадинадаги Подшоҳ Фаҳд мажмуаси томонидан чоп этилган Қуръони карим оятларнинг маънолари таржимаси китобининг 36500 дона нусхани “Икки ҳарами шариф ходими совғаси” сифатида Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий Науруз ҳожи Тағанулига топширди.
Қозоғистон Республикаси муфтийси Подшоҳлик раҳбариятининг Қозоғистон мусулмонларига бўлган эътибори учун ўз миннатдорчилиги ва ташаккурини билдирди.
Икки масжид соҳибининг ушбу Мусҳафи шарифлардан ҳадя қилиш дастури Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан Қиролликнинг хориждаги элчихоналари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Мусҳафи шарифлар ва унинг маънолар таржималари 77 дан ортиқ тилларга таржима қилиниб, хориж давлатларига тарқатилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси