Замонавий рекламанинг асосий тимсоли аёл образи, аниқроғи, унинг танаси...
Бугунги дунё секин-аста қайси тарафга қараманг, нимадир сотилаётган, турли-туман товарлар ва хизматлар таклиф қилаётган глобал бозорга айланиб бормоқда. Ишлаб чиқарувчиларнинг асосий вазифаси ва бош оғриғи эса қандай қилиб бўлмасин мижозларнинг эътиборини ўзларига жалб қилиш, ўзларининг энг зўр ишлаб чиқарувчилар эканига, маҳсулотларининг ноёб ашёлар эканига ишонтириб, молни айнан ўзларидан олишига эришишдир. Ана шу функцияни реклама ўз зиммасига олади.
Реклама фаолияти оммавий характер касб этди ва жамиятнинг реклама хизматларига бўладиган талабларини тўлиқ қамраб оладиган махсус ижтимоий институт – “реклама индустрияси”га айланди. Реклама маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва реклама характеридаги хизматларни қиладиган махсус ташкилотлар пайдо бўлди.
Ишлаб чиқарувчиларга иқтисодиётнинг турли секторларидаги аёвсиз рақобатга бардош бериш осон эмас. Шунинг учун рекламага асосий масала сифатида қаралади ва уни савдонинг ҳал қилувчи кучи деб аташади. Ҳаммаси доҳиёна ва яшаб қолиш учун курашда синаб кўрилган, минглаб одамлар қандай қилиб алоҳида бўлиб кўзга ташланиб туриш, олдинга ўтиб олиш ва товарларини намойиш қилиш ҳақида бош қотиради.
Реклама қилиш учун имкон қадар барча майдонлардан фойдаланилади: ОАВ, телевидение, Интернет, уйларнинг деворлари, кўчалардаги реклама тахталари, асфалть йўллар, лифтларнинг деворлари, метро поездлари, автобуслар, таксилар ва ҳатто ҳайвонлар ва одамларнинг белларигача. Ана шу санаганларимиз реклама рўйхатларининг озгина қисми, холос.
Қайси йўл билан бўлмасин товарини ўтказиш истаги ниҳоятда турма-тур ва ҳатто мураккаб формали рекламаларнинг яралишига сабаб бўлди. Масалан, реклама характеридаги товар белгиси ва ахборотлар инсон танасига татуировка қилина бошланди.
Ҳамма нарсани аёллар реклама қилаётир ва ҳаммасини!
Замонавий рекламанинг асосий тимсоли аёл образи, аниқроғи, унинг танасидир. Унга харидорлар талабларини қондириш, товар ва хизматни сотишни мувофиқлаштиришда «катализатор» вазифасини бажариш юкланган.
Ушбу рекламаларнинг ҳаммаси нозу истиғно асосига қурилган ва мижознинг онги остига таъсир кўрсатадиган мутлақ эркинликни, ижтимоий-гендер муносабатларни тарғиб этувчи ва ҳар қандай одоб-ахлоқ нормаларидан йироқ эротик характердадир.
Товар ва хизматларнинг ҳаммаси, ҳатто ит ва мушукларга озиқ бериш ҳам ярим яланғоч қизлар воситасида бажарилади.
Рекламада ҳалол ва ҳаромлик
Замонавий реклама, одатда, инсоннинг истакларини ҳақиқатга айлантириб кўрсатади ва жамоатчилик онгида муайян стереотипларни ҳосил қилади.
Келинг, реклама индустриясининг ўзига хос жиҳатларини Ислом дини нуқтаи нзаридан кўриб чиқамиз.
Уни бир неча бандларга ажратиб кўриш мумкин:
Бир сафар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бозордан буғдой сотиб олмоқчи бўлдилар. Буғдойнинг орасига қўл солиб кўрсалар, нам экан. Шунда Аллоҳнинг Расули сотувчидан нега бундай эканини сўрадилар. Сотувчи буғдойнинг ёмғирдан нам тортиб қолганини айтди. Унга Пайғамбар алайҳиссалом “Унда нега нам тортган қисмини тепага чиқариб қўймадинг?” деб танбеҳ бердилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки алдаса у биздан эмас”, дедилар ва шунингдек, товарнинг кичик бир нуқсони бўлса, ўшани яшириб сотишни ҳам тақиқладилар.
Рекламаларда тасвирланган маҳсулотлар кўпинча бутунлай бошқа нарса бўлиб чиқаётганига барчамиз гувоҳмиз. Ниҳоятда сифатли деб рекламада таърифланган товарга буюртма берган одам жуда баланд нархда ўта сифатсиз нарсани харид қилишга мажбур бўлаётир.
Товар қадоғида бағоят жимжимадор, чиройли ва ялтироқ кўриниб турган бўлса-да, аслида унинг ичидаги нарсани кўрган киши рекламада ва қадоқдаги нарсаларни кўрганининг бутунлай аксини учратиб ҳайрон бўлиб қолади.
Бу, шубҳасиз, алдоқчилик, бундай ҳолатда истеъмолчи товарни қайтариб беришга тўла ҳақли.
Аллоҳ таоло Мутаффифун сурасида:
“وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ
1 . Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга.
الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ
2 . Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ
3 . Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ
4 . Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
لِيَوْمٍ عَظِيمٍ
5 . Улуғ бир кунда.
يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ
6 . У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар”, деб огоҳлантирган.
Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик ва психотроп ашёлар, тамаки маҳсулотлари интим хизматлар ва бошқа шу каби нарсаларни реклама қилиш қатъиян тақиқланган. Уларни сотиш ҳам жиноят сирасига киради.
Ҳадиси шарифда: “Ҳалол, покиза савдогар Қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади”, деб марҳамат қилинган.
Аёлнинг танаси аврат саналади ва унга бегона кишилар қараса гуноҳ бўлади.
Бугунги кунда арзимаган нарсаларнинг рекламаси ҳам ярим яланғоч аёллар ва ҳатто эркаклар иштирокисиз бўлмаяпти. Шунинг учун яхши билиб олмоғимиз керакки, бундай рекламада тасвирга тушиш мумкин эмас. Кимки шу каби рекламаларнинг тайёрланишига ва ёйилишига озгина бўлса-да, ҳисса қўшса, катта гуноҳга ботади. Зотан, шариатимиз тақиқлаган ишларга зиғирча бўлса-да, ҳисса қўшган одам гуноҳкорга шерик бўлишининг хабари берилган.
Исломда аёл улуғланган ва ҳимоя қилинган. Унинг шаъни ва номуси дахлсиз ҳисобланади. Аёлни омманинг олдига чиқариб қўйиб, уни ярим яланғоч қилиб, реклама предмети сифатида фойдаланиш, одамларни унга қарашга даъват этиш асло мумкин эмас. Аёлни ечинтириб, уни турли товарлар ва хизматлар рекламасига жалб этиш – унинг аёллик шаънини таҳқирлаш ва ҳуқуқларини поймол этишдан бошқа нарса эмас.
Ислом аёлни қадрлайди ва турли тажовузлардан ҳимоя қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар билан яхши муносабатда бўлишни буюрганлар.
Исломда аёлларга жаннатнинг йўли жуда ҳам осон ва қулай қилиб қўйилган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки, “Агар аёл киши беш маҳал намозини ўқиса, рамазон ойи кирганда рўзасини тутса, эрига итоат қилиб, номусини сақласа, ана шуларнинг ўзи унга: “Жаннатга қайси дарвозадан истасанг, ўшандан кир!” дейилишига кифоя қилади”.
Рекламаларда кўпинча “текин”, “ноль тийин”, “СМС жўнат ва автомобиль ол”, “хизматга обуна бўлинг ва супер-совғани қўлга киритинг” ва бошқа ёлғонлар ҳаддан ташқари кўп ишлатилади. Аслида ана шу хизматларнинг қўшимча харажатлари, абонентлик тўловлари ёки ундан ҳам қиммат бўлган бошқача харажатлари бор. Натижада рекламада ҳаммаси текин деб ваъда қилинган нарсага одамлар пул тўлайди, ҳатто ошиғи билан тўлаб чув тушиб ҳам қолади. “Қонуний” алдоқчилик ёки истеъмолчиларни “енгил” йўл билан алдаш схемаси жуда ҳам кўп учрайди. Ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан, уларнинг ҳамма иши қонунга мувофиқдек кўринади. Аммо уларнинг ишлари гўёки афсунгарларнинг афсунига ўхшайди: “эпчил қўллар ва ҳеч қандай ёлғон йўқ”. Ҳақиқатдан кўзлари тўсиб қўйилган одамлар пулларидан айрилаётганини сезмай қолади.
Одамларнинг пулини товламачилик қилиб олишнинг йўлларидан яна бир схемаси қуйидагича: рекламада жуда ҳам қимматбаҳо ашёни деярли текинга олиш ҳақида қизиқарли таклиф айтилади. Аммо бунда бу ишни бажариш учун қилинадиган “деталлар” ёддан чиқиб қолади. Оқибатда харидор ўша товарнинг асл нархидан анчагина баланд нархдаги пулни тўлашга мажбур бўлади. Ушбу муҳим деталдан хабардор қилмасликдан ўзни оқлаб олишнинг энг самарали усули – ўша муҳим ахборот саҳифанинг пастки қисмида кўзга чалинмайдиган даражада майда ва рангсиз ҳарфда ёзиб қўйилган бўлади.
Ислом талаби бўйича, маҳсулотнинг нархи энг кўринарли жойда аниқ қилиб ёзиб қўйилмоғи, агар молда камчиликлар бўлса, улардан харидор огоҳлантирилмоғи даркор.
Реклама индустриясининг кўзбўямачилиги шу билан ниҳоясига етмайди, аммо уларнинг макру ҳийлаларини бир мақолага жойлаб ҳам бўлмайди. Умид қиламизки, ҳозирча шуларнинг ўзи кифоя бўлади.
Замонавий жаҳон иқтисодиёти келажакда қандай формаларда давом этишини рекламасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Транцмиллий компаниялар буюртмасига биноан олимлар кўп вақтлардан бери у ёки бу танловнинг инсон миясига қанчалик таъсир кўрсатишини тадқиқ этишмоқда. Бу шунинг учун қилинмоқдаки, инсон миясидаги бошқарув механизмини топиб, ишлаб чиқарувчилар ўша орқали инсонларга таъсир кўрсатиб ўзларининг маҳсулотларини ўтказмоқчилар. Аммо, умид қиламизки, ундай бўлмайди. Эҳтимол, вақти келиб, қачонлардир инсоният уйдирма рекламалардан чарчар. Ана ўшанда рекламалар бугунгидан фарқ қилиб, рост ва ёқимлироқ бўлар.
Ибратли мисол
Бир савдогар харидорга нарса сотишдан бош тортди ва уни бошқа дўконга жўнатди. “У нега бундай қилди?” деган саволнинг жавоби шу эканки, у бугун етарлича савдо қилиб олди, аммо қўшниси ҳеч нарса сота олмади, унинг ҳам ҳарна бўлса-да, савдоси бўлсин. Ана шу – мусулмоннинг, идеалимиздаги яхши қўшничилик муносабатининг кўринишидир. Ана шу – Ислом динимиз биздан истаган савдогарликдир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аннотация: Мазкур мақолада мўғуллар истилоси даврида яшаган, ҳанафий фиқҳ ва мотуридий ақида йўналишининг етук вакилларидан бири бўлган аллома Абул Баракот ан-Насафийнинг илмий мероси ўрганилади. Унинг калом, фиқҳ ва тафсир соҳаларига оид муҳим асарлари, хусусан “Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-Таъвил” номли тафсири алоҳида таҳлил қилинади. Ушбу тафсир асари ҳанафийлик ва аҳли сунна таълимотига асосланган бўлиб, унда Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Байзовий тафсирларидан танлаб олинган жиҳатлар, аммо мўтазилий ёндашувлардан ҳоли услуб қўлланилган.
Муаллиф Қуръон оятларини фиқҳий, тилшунослик ва каломий жиҳатдан изоҳлаб, тафсирни мўътадил, ихчам, исроилийлардан пок ва илмий ёндашувга асосланган ҳолда ёзган. Шунингдек, мақолада Абул Баракот Насафийнинг бошқа машҳур асарлари ва уламолар томонидан берилган таърифлар ҳам баён этилган. Бу мақола тафсир илми ривожига қўшилган бой илмий меросни очиб бериш баробарида, ҳанафий тафсир мактабининг ўзига хос жиҳатларини ҳам ёритади.
Калит сўзлар: Абул Баракот ан-Насафий, Мадорик ат-Танзил, Тафсир ан-Насафий, ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақида, тафсир илми, Кашшоф, Байзовий, аҳли сунна вал жамоа, фиқҳ, калом, Қуръон тафсири, мўғуллар даври, исроилият, қироатлар, тафсир услуби.
Насафдан етишиб чиққан улуғ олимлардан бири Абул Баракот Насафий ўзининг тафсир, фиқҳ, ақида соҳаларига оид асарлари билан машҳур бўлган. У туғилиб, яшаган пайт мўгуллар ҳукмронлиги даври бўлганлиги учун Мовароуннаҳрда илмий, маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга тушиб қолган эди. Шундай бўлишига қарамасдан Абул Баракот Насафий каби фидоий олимлар илмни жонлантиришга ва қайта тиклашга ҳаракат қилганлар. Абул Баракот Насафийнинг турли соҳалардаги асарлари;
“Ал-Мусаффо фи шарҳ ал-манзума ан-Насафия” (“ан-Насафий назмининг мусаффо шарҳи ”) – илми каломга оид;
“Ал-Мустасфо фи шарҳ ал-фиқҳ ан-нофи” (“Танланган фойдали фиқҳ шарҳи”) – ислом ҳуқуқшунослигига оид;
“Умдат ал-ақоид” (“Ақидалар асоси”) – калом илмига оид.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” китоби дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир. Бу асарни ёзишда Насафий Замахшарийнинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т танзил”, Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил” ва бошқа тафсирлардан фойдаланган.
Аллома Лакнавий Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келгани, мударрислик қилгани ва шу ерда вафот қилганлини айтиб ўтган. 1310 йили раби ал-аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж шаҳрида (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) дафн қилинган.
Қуйида ушбу буюк имом ҳақида баъзи уламоларнинг фикрлари келтирамиз: Имом Лакнавий уни шундай таърифлаган: “Комил имом, замонасининг зийрак олимларидан, фиқҳда асосий манбаларга амал қилган, ҳадис ва унинг маъноларида етук олим".
Имом Ибн Ҳажар уни “дунёнинг алломаси” деб атаган.
Ибн Камол Паша унинг юксак илмий мақоми ҳақида шундай деган: “У мутақаддим фақиҳлар ва муҳаққиқлар қаторида юқори мавқега эга бўлиб, заиф ва мавзуʼ ҳадисларни ўз асарларида келтирмаган, балки мустаҳкам далилларга таянган”.
Шунингдек, у шундай деган: “Ижтиҳод эшиги у киши билан ёпилган, ундан кейин ҳеч бир мазҳабда янги мужтаҳид келмаган”.
Абул Баракот Насафийнинг бир қатор асарлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.
Насафий тафсири таърифи ва муаллифининг ундаги услуби.
Бу тафсирни Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул Байзовий” ва Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирлаидан мухтасар қилиб олган. Лекин у Кашшофдаги мўтазила эътиқодидаги фикрларни ташлаб, Аҳли сунна вал Жамоа мазҳабига кўра таълиф қилган. Бу тафсир узун тафсирлар билан қисқа тафсирлар орасидаги ўртача тафсирдир. Бу тафсирда Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ қироат ва таркиб қоидалари ўртасидаги важҳларни жамлаган. Бунга Кашшофда келган балоғат қоидалари ва яширин нозик маъноларни кашф этишдан иборат бўлган бир қанча нарсаларни ҳам киритган.
Шу билан бирга, Замахшарий ўз тафсирида қўллаган савол ва жавобларни ҳам келтирган. Лекин имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу тафсирида оятларни асос қилиб олган. Шунинг учун “Кашшоф”нинг соҳиби сураларнинг фазилати ҳақида мавзуʼ ҳадисларни келтирганидек у киши мавзуʼ ҳадисларни келтирмаган.
Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ грамматик қоидаларга чуқур кирмай, балки енгил тўхталиб ўтган. Мутавотир етти қироатни лозим тутиб, ҳар бир қироатни ўз қорисига нисбатини берган. Ҳукм оятларнинг тафсирида фиқҳий мазҳабларга қисқача тўхталиб ўтган. Ҳар бир мазҳаб келтирган фикрларни қисқача баён қилиб, асосан, кўпинча ўзининг ҳанафий мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Мазҳабига мухолиф келганларга раддиялар берган. Бу тафсирда Исроилиёт ривоятларининг зикри камдан-кам учрайди. Шунда ҳам бундай ривоятларни келтириб туриб, сўнгра рад қилади.
Дарҳақиқат, имом Насафий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирининг аввалида қисқа бир иборани келтириб, унда ўзининг бу тафсирини ёзишдаги йўналиши ва услубини баён қилиб, жумладан, шундай дейди: “Тафсир илмида қироат ва таркиб важҳларини жамлаган, «Бадиʼ ва ишорат” илмининг нозик жиҳатларини ўз ичига олган, Аҳли суннат вал жамоатнинг сўзлари билан безалган, бидъат ва залолат аҳлининг ботил фикрларидан холи бўлган, малол келадиган даражада жуда узун бўлмаган ва халал берадиган даражада жуда қисқа бўлмаган, ўртача бир китобни ёздим».
Ҳамидуллаев Нўмонхон,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ