Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин қори Қодиров жорий йил Рамазон ойида Россиянинг Сахалин шаҳрида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, маърифий тадбирларни ўтказиб бераётганини маълум қилган эдик.
Жорий йилнинг 11 июнь куни ўзбекистонлик қори Қадр кечасида Қуръони карим хатмини ниҳоясига етказди.
Вакилимиз Сахалинда бўлиб ўтган Рамазон ҳайити байрамига таклиф қилиниб, ташаккурнома билан тақдирланди.
Сахалинлик мусулмонлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига миннатдорлик билдирилган, байрам кўтаринки руҳда ўтказилгани маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Молик Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади:
«Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга:
«Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг», деди.
«Сен қаердан билдинг?» деди Умар, уни дарра ила уриб.
«Биз Тавротда: «Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап томонида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғрилаб ҳам турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар», дейилганлигини топамиз», деди».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан беркитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.
Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ва ҳалигача қойил қолиб келмоқда.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бошқами, ҳазрати Умар учун барибир эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди