Бугун, 13 июнь. Рамазоннинг 28 куни. Ҳамма саҳарлик қилиб, шодиёна руҳда тонг оттирди. Аммо Раббимиз бугун тонгда Ўзбекистон халқига, илм аҳлларига бошига оғир жудолик солганини кўпчилик ишга бораётиб йўлда эшитди. Машҳур воиз, нуктадон навоийшунос, етук муҳаррир, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 60 ёшида вафот этди...
Ҳозиргина кўзда ёш билан устознинг жанозасидан қайтдик. Минор масжиди фаолият бошлаганидан бери бунчалик кўп одамни кўрмаган бўлса керак. Ҳар жума шу ерга Анвар қорининг маърузасини тинглагани келиб, у кишининг маърузасидан тўлқинланиб кўзига ёш олган одамлар бугун унинг ўзининг тобутининг тепасида туриб кўз ёши қилдик.
Яҳудийлик, насронийлик ва Ислом динини қиёслаб ўрганган ҳинд олими – оти шу онда эсимга келмай қолди. “Мусулмонлар ўлим Аллоҳнинг ҳузурига бориш дейди. Унда улардан бири вафот этса нега йиғлайди?” деб ҳайрон бўлади. Бунинг жавоби оддий: мусулмонлар Анвар қоридек ажойиб воизидан, олимидан айрилгани боис ўзларининг ҳолига йиғлайди.
Бинобарин, биз бугунги айрилиқни мусибат деб эмас, жудолик деб атаганимизнинг сабаби ҳам шундадир.
Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни висол кечаси деб таърифлаган. Бутун ҳаётини дини Исломга бағишлаган, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Ислом маърифатини тарқатган, не-не адашган юртдошларимизни тўғри йўлга солиб қўйган, ана шу ишлари йўлида бир неча йил бурун қуролли ҳужумга ҳам учраган Анвар қори аканинг вафоти ана ўша ҳужум асоратидан бўлгани боис у кишининг мақоми ҳам шаҳид бўлди. Боз устига устоз рамазони шарифда жон таслим қилдики, бунинг ҳам ўзига хос фазилати бордир. Ана шундай гўзал хислатлар билан Парвардигоримизнинг ҳузурига йўл олган қори акамизга ўлим, ҳақиқатан, висол оқшоми бўлади, деган умиддамиз.
Жаноза намозини ўқишдан олдин қисқагина маъруза қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, жумладан, бундай дедилар: “Рамазон ойининг гуноҳлар кечириладиган даҳасида, Лайлатул Қадр кечалари ўтказилгандан кейин Аллоҳнинг ҳузурига бориш жамики мўмин-мусулмонларнинг орзусидир. Бундай кунлар кимларга насиб этади, кимларга насиб этмайди. Анвар қори акамиз узоқ вақт қаттиқ хасталикдан азият чекиб ётдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандасига шундай дард бериб, ўша дардни унинг жамики гуноҳларига кафорат қилади. Раббимиз муҳтарам қори акамизни ана шу дард билан поклаб, Ўзининг ҳузурига гуноҳлари тўкилган ҳолда чорлади”.
Анвар қори Турсуновнинг ихлосмандлари қалбидан жой олган амри маъруфлари унинг ҳаққига абадий дуолар ёғилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ! Меҳрибон Парвардигоримиз устозни Ўз раҳматига олсин!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилган қонунлари бор. Биз ўз мантиғимиздан келиб чиқиб «Аллоҳ таоло кофирларни ҳалок қилиб юборса эди», деймизу, аммо энг билувчи зот Аллоҳнинг ҳикматларини англамаймиз. Оддий бир мисол, кофирлар дарҳол ҳалок бўлганида биз ҳам бу дунёда йўқ бўлар эдик, чунки бизнинг ҳам 14-15 аср олдинги боболаримиз, табиийки, мусулмон бўлишмаган. Кофирлар йўқ бўлиб кетмаслигида бизнинг қосир ақлимизга маълум бўлган қуйидаги ҳикматлар бор:
لَا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ
У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар (Анбиё сураси, 23-оят).
(У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир (Буруж сураси, 16-оят).
Мусулмон бўлишлари учун уларга имконият беради.
وَمِنۡهُم مَّن یَسۡتَمِعُ إِلَیۡكَۖ
«Улардан сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор» (Анъом сураси, 25 оят).
أَوَلَم نُعَمِّركُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُۖ
Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! (Фотир сураси, 37-оят).
مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاءُ لِمَنْ نُرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلاهَا مَذْمُوماً مَدْحُوراً * وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ وَسَعَى لَهَا سَعْيَهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ كَانَ سَعْيُهُمْ مَشْكُوراً * كُلاً نُمِدُّ هَؤُلاءِ وَهَؤُلاءِ مِنْ عَطَاءِ رَبِّكَ وَمَا كَانَ عَطَاءُ رَبِّكَ مَحْظُوراً
(Эй Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас (Исро сураси, 18-20).
قال شداد بن أوس رضي الله عنه : ( إن الدنيا عرض حاضر ، يأكل منها البر والفاجر ، والآخرة وعد صادق ، يحكم فيها ملك قاهر ، ولكل بنون ؛ فكونوا من أبناء الآخرة ، ولا تكونوامن أبناء الدنيا ) صفة الصفوة (1) 709
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу анҳу айтадилар: «Бу дунё нақд маҳсулотдир: яхши ҳам, ёмон ҳам ундан улушини еяверади. Охират эса рост ваъдадир: унда ўз ҳукмини ўтказувчи Подшоҳ ҳукм қилади. Икковининг ҳам ўз фарзандлари (мухлислари) бор. Сизлар охират фарзанди бўлинг, дунё фарзандлари бўлманг. (Сифатус софва китоби, 1, 709)
وَلا يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّمَا نُمْلِي لَهُمْ خَيْرٌ لأَنْفُسِهِمْ إِنَّمَا نُمْلِي لَهُمْ لِيَزْدَادُوا إِثْمًا وَلَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ )
Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар!Балки Биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 178-оят).
فَلا تَعْجَلْ عَلَيْهِمْ إِنَّمَا نَعُدُّ لَهُمْ عَدًّا
"Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз" (Марям сураси, 85-оят).
روى البخاري (4686) ومسلم (2583) عَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يُمْلِي لِلظَّالِمِ فَإِذَا أَخَذَهُ لَمْ يُفْلِتْهُ ثُمَّ قَرَأَوَكَذَلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَا أَخَذَ الْقُرَى وَهِيَ ظَالِمَةٌ إِنَّ أَخْذَهُ أَلِيمٌ شَدِيدٌ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Албатта, Аллоҳ таоло золимга қўйиб беради. Уни ушлагач сирақўйиб юбормас, дедилар ва (қуйидаги оятни) ўқидилар:«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд сураси, 102-оят).
لا يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي الْبِلادِ . مَتَاعٌ قَلِيلٌ ثُمَّ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَبِئْسَ الْمِهَادُ
Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари (яъни, уларнинг ҳар жойда керилиб юришлари) алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар)озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай!Нақадар ёмон жой у! (Оли Имрон сураси, 196-197).
Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа сураси, 124-оят).
في أثر ذكره الإمام أحمد في الزهد: “أن موسى قال يا رب هلا سويت بين عبادك؟ قال إني أحببت أن أشكر
Имом Аҳмад «Зуҳд» китобида зикр қилган хабарда келади: Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, нега бандаларинг орасини (иймон ва куфрда) бир хил қилиб қўймайсан», деди. Аллоҳ унга: “(Иймонлилари кофирларига қараб) Менга шукр қилишларини истадим» деган экан.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу-жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча, ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Албатта, булар қосир ақлимизга келган ҳикматлар. Аллоҳнинг ҳузурида, албатта, жуда кўп ҳикматлар бордир.
Абдулбосит Абдулвоҳид,
Ҳадис илми мактаби талабаси.