Бугун, 13 июнь. Рамазоннинг 28 куни. Ҳамма саҳарлик қилиб, шодиёна руҳда тонг оттирди. Аммо Раббимиз бугун тонгда Ўзбекистон халқига, илм аҳлларига бошига оғир жудолик солганини кўпчилик ишга бораётиб йўлда эшитди. Машҳур воиз, нуктадон навоийшунос, етук муҳаррир, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 60 ёшида вафот этди...
Ҳозиргина кўзда ёш билан устознинг жанозасидан қайтдик. Минор масжиди фаолият бошлаганидан бери бунчалик кўп одамни кўрмаган бўлса керак. Ҳар жума шу ерга Анвар қорининг маърузасини тинглагани келиб, у кишининг маърузасидан тўлқинланиб кўзига ёш олган одамлар бугун унинг ўзининг тобутининг тепасида туриб кўз ёши қилдик.
Яҳудийлик, насронийлик ва Ислом динини қиёслаб ўрганган ҳинд олими – оти шу онда эсимга келмай қолди. “Мусулмонлар ўлим Аллоҳнинг ҳузурига бориш дейди. Унда улардан бири вафот этса нега йиғлайди?” деб ҳайрон бўлади. Бунинг жавоби оддий: мусулмонлар Анвар қоридек ажойиб воизидан, олимидан айрилгани боис ўзларининг ҳолига йиғлайди.
Бинобарин, биз бугунги айрилиқни мусибат деб эмас, жудолик деб атаганимизнинг сабаби ҳам шундадир.
Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни висол кечаси деб таърифлаган. Бутун ҳаётини дини Исломга бағишлаган, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Ислом маърифатини тарқатган, не-не адашган юртдошларимизни тўғри йўлга солиб қўйган, ана шу ишлари йўлида бир неча йил бурун қуролли ҳужумга ҳам учраган Анвар қори аканинг вафоти ана ўша ҳужум асоратидан бўлгани боис у кишининг мақоми ҳам шаҳид бўлди. Боз устига устоз рамазони шарифда жон таслим қилдики, бунинг ҳам ўзига хос фазилати бордир. Ана шундай гўзал хислатлар билан Парвардигоримизнинг ҳузурига йўл олган қори акамизга ўлим, ҳақиқатан, висол оқшоми бўлади, деган умиддамиз.
Жаноза намозини ўқишдан олдин қисқагина маъруза қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, жумладан, бундай дедилар: “Рамазон ойининг гуноҳлар кечириладиган даҳасида, Лайлатул Қадр кечалари ўтказилгандан кейин Аллоҳнинг ҳузурига бориш жамики мўмин-мусулмонларнинг орзусидир. Бундай кунлар кимларга насиб этади, кимларга насиб этмайди. Анвар қори акамиз узоқ вақт қаттиқ хасталикдан азият чекиб ётдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандасига шундай дард бериб, ўша дардни унинг жамики гуноҳларига кафорат қилади. Раббимиз муҳтарам қори акамизни ана шу дард билан поклаб, Ўзининг ҳузурига гуноҳлари тўкилган ҳолда чорлади”.
Анвар қори Турсуновнинг ихлосмандлари қалбидан жой олган амри маъруфлари унинг ҳаққига абадий дуолар ёғилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ! Меҳрибон Парвардигоримиз устозни Ўз раҳматига олсин!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан