Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?
Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутишни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эдилар», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам макруҳдир.
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
#Ҳаж_2025
Юртимизда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар Исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этмоқдалар.
2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. 2022 йилда 12 мингдан зиёд, 2023–2024 йилларда эса 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмон ҳажни адо этди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз Исломнинг бешинчи рукнини адо этадилар, иншоаллоҳ.
Бугун Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида шу йил ҳажга борувчи гуруҳ раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра маркази бўлими бошлиғи Мақсуд Каримов қатнашган йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домда Юнусов кириш сўзи билан очиб бердилар.
Тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бу йил элликбоши бўлиб ҳажга борувчи диний соҳа ходимлари иштирок этган бўлсалар, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан борувчи гуруҳ раҳбарлари ZOOM платформаси орқали онлайн қатнашдилар.
Йиғилишда гуруҳ раҳбариларига ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатилиб, уларга гуруҳлар аниқ бўлгач, зиёратчилар билан учрашиб, Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажга пухта тайёргарлик кўришлари, эҳром боғлаш, ҳажнинг арконлари, шартлари, фарзлари, вожиб ва суннатларини атрофлича тушунтиришлари зарурлиги қайд этилди.
Аллоҳ таоло бу йилги ҳаж мавсумини юқори савияда ўтказишни насиб этсин. Ҳар бир зиёратчининг ҳажи мабрур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати