Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?
Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутишни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эдилар», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам макруҳдир.
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:
1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.
2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.
3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.