Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.
Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Кеча, 28 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, мингбошилар ва шифокорлар жамоаси иштирок этди.
Мажлис аввалида Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлиши ҳақида сўзладилар. Шунингдек, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилиш давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ва зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига батафсил жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, муборак заминларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиш, тоату ибодат ила ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қилишга урғу қаратдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов кабилар сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тиббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.
Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи ва шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклангани, шу боис ҳар ким ўз вазифасини виждонан тўла бажариши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати