Украина мусулмонлари диний идораси таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Иброҳим ота” масжиди имом-хатиби Худойберди қори Саидов Украинанинг Киев шаҳрида жойлашган “Ар-раҳма” жоме масжидида мусулмонларга хатми Қуръон ўтказиб бераётганлари ҳақида хабар берган эдик.
Қори домланинг бизга хабар беришларича, 22 кун давомида Қуръонни тўлиқ хатми қилинди. Аллоҳ бу натижани муборак қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин. Қадр кечасида ўтказилган маросимда вакилимиз Украина мусулмонлари идорасининг махсус Ташаккурномаси билан тақдирландилар. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.
Айни пайтда қоримиз яна бир нуфузли тадбирда иштирок этмоқдалар. Украина мусулмонлари идораси ҳузуридаги “ал-Моҳир” Қуръон ёдлаш бўлими талабалари ўртасида ўтказилаётган Қуръон тиловати мусобақаларида ҳакам сифатида, қориларнинг чиқишларини баҳолаб бормоқдалар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати