Украина мусулмонлари диний идораси таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Иброҳим ота” масжиди имом-хатиби Худойберди қори Саидов Украинанинг Киев шаҳрида жойлашган “Ар-раҳма” жоме масжидида мусулмонларга хатми Қуръон ўтказиб бераётганлари ҳақида хабар берган эдик.
Қори домланинг бизга хабар беришларича, 22 кун давомида Қуръонни тўлиқ хатми қилинди. Аллоҳ бу натижани муборак қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин. Қадр кечасида ўтказилган маросимда вакилимиз Украина мусулмонлари идорасининг махсус Ташаккурномаси билан тақдирландилар. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати хабар берди.
Айни пайтда қоримиз яна бир нуфузли тадбирда иштирок этмоқдалар. Украина мусулмонлари идораси ҳузуридаги “ал-Моҳир” Қуръон ёдлаш бўлими талабалари ўртасида ўтказилаётган Қуръон тиловати мусобақаларида ҳакам сифатида, қориларнинг чиқишларини баҳолаб бормоқдалар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати