Маҳмуд Замахшарий мероси асрлар давомида Шарқ ва Ғарб тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлган. Алломанинг айниқса, Қуръон тафсирига оид “Ал-Кашшоф” асари кўплаб тадқиқотчилар эътиборини тортган. Замахшарий ҳақидаги маълумотларни биз Самъоний, Ибнул Анборий, Ёқут Ҳамавий, Қифтий, Ибн Халликон, Ибн Қутлуғбека, Суютий, Тошкўпризода, Ҳожи Халифа, Абдулҳай Лакнавий, Зириклий каби муаррихларнинг асарларида ҳамда Брокелман, Б.З.Холидов, А.Б.Холидов каби олимларнинг тадқиқотларида кўришимиз мумкин. Жумладан, Қози Ибн Халликон: “Замахшарий тафсир, ҳадис, наҳв ва баён илмида йирик имом эди. Ўз даврида турли фанлардан таълим олиш учун унинг ҳузурига илм изловчилар бориб турадиган замона пешвоси эди. Грамматикани Абу Мудар Мансурдан ўрганди ва у бўйича ажойиб асарлар тасниф этди” дея алломанинг 28 асари номини келтиради[1]. Уларни соҳалар бўйича қуйидаги шаклда тасниф этиш мумкин:
Замахшарийнинг Ибн Халликон нақл қилган асарлари орасида унинг фақат ”Золлатун–нашид” (Изловчининг мақсади) асари қайси соҳага тегишли экани ҳақида маълумот йўқ.
Аллома қолдирган бой мерос мустақиллик йилларида кўплаб илмий изланишларга асос бўлди. Замахшарийшунослик соҳасида тадқиқот олиб борган ва бу борада қимматли маълумотларни тақдим этган академик А.Рустамов профессорлар У.Уватов, А.Ҳасанов, фан номзодлари М.Ҳакимжонов, Б.З.Холидов, У.З.Қориев, Р.Обидов, таниқли шарқшунос А.Абдужабборов каби олимларимиз сафига фил.ф.н. Н.Сулаймонова, фил.ф.н. М.Носирова, т.ф.н. А.Абдуллаев каби тадқиқотчилар келиб қўшилди[2].
Бугунги замахшарийшуносликнинг тараққий этишида аллома меросига ўз илмий фаолиятининг асосий қисмини бағишлаган профессор Зоҳиджон Исломов хизматларини алоҳида қайд этиш зарур. Сўнгги йилларда З.Исломов томонидан аллома меросининг барча қирраларини қамраб олишга қаратилган тадқиқотлар олиб борилди, китоблар ва рисолалар чоп этилди, мақола ва кўрсатувлар тақдим этилди, номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди[3]. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида Замахшарийнинг 66 та асари борлиги, улардан 40 таси дунёнинг турли фондларида сақланаётгани маълум бўлди[4].
Профессор З.Исломов каби фидойи олимларимиз меҳнати самараси ўлароқ, кейинги пайтда ўзбек замахшарийшунослиги янги босқичга кўтарилди ва унинг ҳосиласи сифатида юртимиз таълим муассасаларидан улуғ аждодлар ишини давом эттирадиган, Ўзбекистон довруғини халқаро илм марказларида тараннум этадиган олиму алломалар етишиб чиқгусидир, иншааллоҳ.
Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси
Раҳматуллоҳ Саиджалолов
[1] Шамсиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ибн Халликон. Вафаятул–аъян ва анбауз–заман .–Амман: Дарус–сақофа, 1968. Ж. 6. –Б. 323
[2] Рустамов А. Маҳмуд Замахшарий. -Тошкент.1971.; Маҳмуд Замахшарий. Нозик иборалар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. -Т.: Камалак, 1992. Маҳмуд аз-Замахшарий. Ал-Унмузаж / Нашрга тайёрловчи, муқаддима ва атамалар шарҳи муаллифи Абдуҳафиз Абдужабборов. -Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2001. Абдуллаев А. Абул-Қосим Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асари ва унинг тафсир илмида тутган ўрни // Шарқ машъали, 2-сони, 2005.
[3] Исломов З. М. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асаридаги туркий феъллар таҳлили: Филол. фан. ном. дис... автореф. –Т: Тошкент Давлат Университети (ЎзМУ),1993. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асарининг қўлёзма манбалари ва арабча-туркий феъллар сўзлигининг йиғма илмий-танқидий матни: Филол. фан. докт. дис. автореф. –Т: ЎзР ФА Қўлёзмалар институти, 1998.; Адаб илмининг дурдонаси –Т.: Тошкент ислом университети (ТИУ) нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (манбашунослик таҳлили) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Муқаддаматул-адаб (матн) Т.: ТИУ нашриёти, 2002.; Шарқ манбашунослигида “Муқаддима” ва унинг аҳамияти // Тарихий манбашунослик муаммолари: Тўплам. Т.: 2003.; Маҳмуд Замахшарий // Мовароуннаҳрнинг буюк алломалари (араб тилида) : Тўплам. Т.: ТИУ нашриёти, 2004.
[4] Исломов. З.М.Маҳмуд Замахшарий асарларида тасаввуфий ғоялар талқини // Тошкент ислом университети илмий-таҳлилий ахбороти. 2-сон, 2003.
Жорий йилнинг 10 май куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Қўрғонтепа туманидаги “Юнус Али Охунд” жоме масжидида вилоятнинг шаҳар ва туманлари бош имом-хатиблари, отинойилар ва ҳожилар иштирокида Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳрида фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатибларининг фаодият самарадорлигини ошириш юзасидан сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Даставвал семинар иштирокчилари бўлган шаҳар-туман бош имом-хатиблар, отинойилар томонидан ўзларига бириктирилган хонадонларга кириб, аҳоли билан юзма-юз кўришиб, уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Сўнг эса шаҳар-туман бош имом-хатиблари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, намозга келган жамоатга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Семинар йиғилишида эса нотиқлар томонидан Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳридаги масжидларнинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилиб, туманида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолият самарадорлиги ошириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, тумандаги Масжид имом-хатиблик фаолиятида намунали ва фаол мехнат қилаётган имом-хатиб вилоят бош имом-хатибининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Семинар якунлангач эса, қозидомла бошчилигида масжид ҳудудига яхши ниятлар ила ўн туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Андижон вилоят вакиллиги Матбуот хизмати