Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилинмайди. Шу қаторда, рўза масаласида ҳам.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар рўзани очиб юборишларига рухсат бор. Бунга барча мазҳаб уламолари бир овоздан иттифоқ қилишган. Аммо Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Шофеъий ва Ҳанбалийларда эса ҳомиладор аёллар рўза тутмасалар уларга ҳам қазо ҳам фидя лозим бўлади.
Рўза тутмаслик учун жоиз саналадиган зарар ўтган тажрибадан, гумонда ғолиб келиш билан, ёки моҳир, адолатли, мусулмон табибнинг гапи билан билинади. Табиб ҳомилага етиши мумкин бўлган зарарларни; ақлнинг ноқис бўлиши, нобуд бўлиш ёки касалманд туғилишидан бўлган хавфни исботлаши керак. Хавф фақат тахминий ёки хаёлий бўлмаслиги шарт. Бу ерда ҳукм аёлнинг ва ҳомиланинг ҳолатига қараб чиқарилади.
Мазҳабимиз уламоларининг бу ҳукмга ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳидан ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ўзлари ёки фарзандларининг соғлигидан хавотирланган пайтларида нима қилишлари кераклиги ҳақида сўралди. Шунда у зот “Ҳомиладорликдан ҳам оғирроқ касаллик борми?, бундай аёллар оғизларини очадилар ва қазосини тутадилар” деб жавоб бердилар.
Ҳанафийлар яна қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар:
“Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир.”
(«Бақара» сураси, 185-оят).
Улар бу оятда Аллоҳ таоло фидя ҳақида ҳеч нарса демаган деб жавоб берадилар. Ҳомиладор аёллар ҳам вақтинчалик бемор ҳисобланадилар.
Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат этилгани уларнинг кейинчалик ҳам рўза тутолмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб заифлашиб бораверадилар. Уларнинг қайтиб ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса, вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осон ҳисобланади.
«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас», («Бақара» сураси, 185-оят).
Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин имкон бўлганда, тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.
Шунинг учун, бемор киши, агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли унга рухсат берган.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ قَالَ: كَانَتْ رُخْصَةً لِلشَّيْخِ الْكَبِيرِ وَالْمَرْأَةِ الْكَبِيرَةِ وَهُمَا يُطِيقَانِ الصِّيَامَ أَنْ يُفْطِرَا وَيُطْعِمَا مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا وَالْحُبْلَى وَالْمُرْضِعُ إِذَا خَافَتَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَلَفْظُهُ: قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: لَيْسَتْ بِمَنْسُوخَةٍ هُوَ الشَّيْخُ الْكَبِيرُ وَالْمَرْأَةُ الْكَبِيرَةُ لاَ يَسْتَطِيعَانِ أَنْ يَصُومَا فَيُطْعِمَانِ مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Ва у(рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар».
Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.
Бухорийнинг лафзида:
«Ибн Аббос:
«Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирурлар», – деди» дейилган.
Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган.
Мазкур оятга кўра ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом берсалар мумкин.
Баъзи бир кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам ёшлари катталиги туфайли рўза тутсалар қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.
Худди Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қилинган бошқа бир ривоятда, бу ояти кариманинг тафсирида ҳомиладор ва эмизукли аёл зикр қилинмагани ҳам шуни кўрсатади. Келинг, ўша ривоятни ҳам ўрганайлик.
وَعَنْهُ فِي هَذِهِ اْلآيَةِ: لاَ يُرَخَّصُ فِي هَذَا إِلاَّ لِلَّذِي لاَ يُطِيقُ الصِّيَامَ أَوْ مَرِيضٍ لاَ يُشْفَى. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ
Яна ўша кишидан ушбу оят ҳақида ривоят қилинади:
«Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва шифосиз беморгагина берилади».
Насаий ривоят қилган.
Кўриниб турибдики, мазкур ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган ўта қари чолу кампирлар ва тузалишидан умид йўқ беморлардир. Бу тоифадаги кишилар ҳеч рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари жорий қилинган.
Вақтинчалик рўза тутишда қийинчиликка дучор бўлиб, кейин яна рўза тутишга эга бўладиган мусофир ва тузалишидан умид бор беморларга эса, имкон топганда қазо қилиб тутиб бериш жорий қилинган. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам худди шу - кейин рўза тутиш имконига эга бўладиган кишилар қаторидадирлар.
Агар ҳомиладор аёлнинг боласига ҳам ўзига ҳам зарар етмаслиги аниқ бўлса, у ҳолда рўза тутиши фарз ҳмсобланади. Баъзи аёллар жуда кучли ва бақувват бўладилар. Ҳомиладорликнинг қийинчиликлари уларга ўз таъсирини ўтказмайди. Аксинча баъзи аёллар нимжон ва нозик бўладилар. Айниқса ҳомиладорлик вақтида улар янада заифлашадилар. Аллоҳ таоло “Луқмон” сураси 14- оятда шундай дейди
Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир. «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».
Яъни, ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.
Агар ҳомиладор аёлнинг боласи ёки ўзига зарар етиши мумкинлиги муқаррар бўлса у ҳолда рўзасини бузиши фарз рўзани давом эттириб тутиши у аёл учун ҳаром ҳисобланади.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси
Cурайё Ибрагимова
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли