Манбаларда бу ишнинг суннат экани айтилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таолога ибодат қилганда қўлларингизни кўтариб, кафтларингизни очиб туринг, уни асло тескари тарафга ўгирманг. Ибодатни тугатгандан сўнг очиқ кафтларингизни юзингизга суринг”, деганлари айтилган.
Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Аллоҳнинг Расули уйқуга ётишдан олдин қўлларини очиб Фалақ, Нас ва Ихлос сураларини ўқиб кафтларига дам солганини ва қўлларини бутун танасига уч марта сурганини кўрган эдим. У зот касал бўлиб қолганларида менга шундай қилишни буюрган эдилар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг Расули дуо учун кўтарган қўлларини юзларига сурмасдан туширмас эди”, деганлар (Термизий ривояти).
Баъзи уламолар бу ҳаракатни қуйидагича шарҳлаганлар: “Аллоҳ таоло ҳеч қайси ибодатни ва Ўзидан раҳмату мағфират сўраб илтижога очилган қўлни эътиборсиз қолдирмайди. Шунинг учун ана шу дуони инсон танасининг энг кўринарли жойига етказиб қўйгани дуруст бўлади”.
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД