Жонон Қоратой қовун-тарвузга уруш очди, қуртлаган мевага ишорат қилди
Ички касалликлар ва кардиология мутахассиси профессор, доктор Жонон Қоратой Рамазон ҳайити муносабати билан тайёрланадиган ширинликлар ҳақида гапирар экан, ёз меваларидан қайси бирида қурт бўлса, ўша мевани ейишни тавсия қилди.
“Байрамда ширинлик ўрнига писта, ёнғоқ, енг”
Рамазон ҳайити тўғрисида сўз юритган Қоратой, жумладан, бундай деди: Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайитининг яна бир номи “Ширинлик байрами”дир. Ҳозирданоқ байрамга атаб ширинликлар пишириш бошланди.
Ҳар бир кишига байрамни яхши ўтказишини тилайман. Аммо ширинлик емаслигинигизни истайман. Чунки унда соғлиққа жиддий зарар етказадиган жўхори сиропи бор. Жўхори сиропи таркибидаги шакар оқ шакардан кўра ҳужайраларимизни етти баробар кўп бузади, жигаримизни ёғлантиради. Агар семиз бўлсангиз, қон босимингиз бўлса, қанд касаллигингиз бўлса, шакар қўшилган ҳеч нарса емаслигингизни маслаҳат бераман.
Бизда албатта байрамда ширинлик улашилади, бу – азалий анъанамиз. Аммо икром этди – емасак айб бўлади, дейиш бўлмайди. Зеро, ҳар ким ўз соғлиги учун ўзи қайғуришга мажбур. Рамазон байрамида ширинлик ўрнига писта, ёнғоқ икром этсинлар. Анжир, ўрик қоқи ва данакли майиз соғликка фойдали ширинликлардир. Болаларга ҳам ширинлик тарқатиш ўрнига ана шуларни берсинлар. Шакар – энг ширин заҳардир. Байрамимизни заҳарламайлик.
“Энг фойдали мева қуртлаган олма”
Ёзда турли-туман мевалар пишиб қолади. Тарвузни пишлоққа қўшиб еюувчилар ҳам бўлади... мевасиз куни ўтмайдиганларга нима дейсиз?
Мен тарвуз парҳези нима эканини билмайман. Аммо тарвуз, қовун триглицерид деган хатарли ёғларни кўпайтиради, қонда сийдик кислотасини оширади. Бу гапларни ҳаводан олиб гапирмаяпман, беморларнинг аҳволидан келиб-чиқиб айтяпман. Аммо, албатта, қуртлаган олма енг, қишлоқ хўжалик кимёси заҳарларига тўйинган меваларни еманг дейман. Қовун, тарвузнинг суви шакардир. Қанд касалингиз бўлса, ички касаллигингиз бўлса. бу касалликларингиз янада кучаяди ва жигарингиз, қорнингиз, томоғингиз, ҳамма жойингизни ёғлантирасиз. Энг фойдали мева қурт тушган олма ва зайтундир.
Мевасиз кун ўтмайди-ку ёзда... гилос, қулупнай...шундайми?..
Хорижда эълон қилинган бир мақолада кичик ёшданоқ семириб кетиш боланинг ўқишига ва ҳофизасининг бузилишига сабаб бўлади, дейилади. Вақти-вақти билан есангиз бўлади уларни. 1950 йилда Америкада мевалар устидан тадқиқот ўтказилганда бир дона олмада 4,5 миллиграм темир моддаси борлиги аён бўлган эди. Аммо айни тадқиқот 1998 йилда ўтказилганда 26 та олма еганда 0.18 миллиграм темир олиниши маълум бўлди. Ўшандан бери яна йигирма йил ўтди – олма таркибида бугун қанча темир моддаси қолди – Худо билади уни. Бугун мева еган одам фақат фруктоза билан озиқланади ва бутун касалликларнинг сабабчиси шу ўзи. Шунинг учун еманг демоқдаман. Емасангиз нима бўлади?.. Қуртни топсангиз ейсиз мевани. Фруктоза қоринда ёнғин содир қилади. Бундан ташқари унинг таркибида қишлоқ хўжалик кимёсининг заҳарлари бор... Жами касалликларнинг манбаси ана ўша кимёвий дорилардир: юрак, аутизм, паркинсон, алтсгемер хасталиклари бошланади. Бунинг ортида инсулин баландлиги ётади. Ун ва нон ҳам шуларнинг сирасига киради.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби