Бангладеш Бош вазири Шайха Ҳасина мусулмон оламига Ислом умматининг илмий кашфиётлар ва ютуқлар бўйича катта мероси борлигини эслатиб, буни қайта тиклаш учун илм-фан ва технологияга кўпроқ маблағ ажратишга чақирди.
“Мусулмонлар бир пайтлар илм-фан, техника, адабиёт ва маданиятда ўзларининг илғор эканлигини намойиш этган. Лекин нега мусулмонлар ҳозир ўзларининг шонли ўтмишларидан анча орқада? Биз буни таҳлил қилишимиз керак”, - деди Бангладеш раҳбари. Ушбу хабарни “Islamnews” матбуоти “Aнадолу” агентлигига таяниб маълум қилган..
Бош вазирнинг сўзларига кўра, жаҳон миқёсида мусулмонлар катта молиявий бойликка эга, мусулмон мамлакатларида мафкуравий бирликнинг йўқлиги Ислом цивилизациясининг заиф томони ҳисобланади.
“Биз, мусулмон халқлари, илм-фан ва замонавий технологияларни ривожлантириш учун ушбу манбалардан фойдаланиш орқали йўқолган меросимизни қайта тиклашимиз мумкин”, деди Шайха Ҳасина.
Бангладеш ҳукумати раҳбари Ислом Технология университетида ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шундай фикр билдирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar