Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Циндао шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари кейинги икки йилда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги фаол тус олгани, амалий натижалар билан бойиганини таъкидлади. БМТнинг нуфузли делегациялари мамлакатда бўлгани, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Амина Муҳаммад Ўзбекистон президентининг БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги иштирокини ёдга олди. Мамлакат томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади. Тошкентда ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани қайд этилди.
Мулоқотда аввалги учрашувда эришилган келишувлар ижросининг бориши бўйича атрофлича фикр алмашилди. Ҳамкорликнинг истиқболдаги муҳим йўналишлари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитойга жўнаб кетгани хабар қилинганди.
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД