Аллоҳ таоло Духон сурасининг 1-6- оятларида шундай марҳамат қилади:
Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки,
албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз.
У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур.
(У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз.
Бу Раббингиз (томони)дан раҳматдир. Албатта, Унинг ўзи Эшитувчи ва Билувчидир.[1]
Имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Жумҳур уламоларнинг сўзларига кўра, ояти каримадаги муборак кечадан мурод Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.”[2] Ва: “Рамазон ойи Қуръон нозил қилинган ойдир.”[3] Сўзларига биноан Қадр кечасидир.” Сўнгра айтадилар: Қуръони карим бир жумлада лавҳул маҳфуздан дунё осмонига Қадр кечасида нозил қилган. Сўнгра унга эҳтиёж тушганида Жаброил алайҳиссалом уни Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлинган ҳолатида олиб тушган. Баъзилар, Қуръони каримни бўлинган ҳолда нозил қилиниши бошланиши Қадр кечасида бўлган дейдилар.
Муборак, унда тушадиган яхшилик ва барака ва дуонинг қабул бўлишидан иборат яхшилиги кўп маъносида. Агар бу кечанинг унда Қуръон бўлганидан бошқа фазилати бўлмаганида ҳам, баракотли эканлигига шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди.[4]
Шайхонтоҳур тумани
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби, ТИИ ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Духон сураси 1-6-оятлар.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[2] Қадр сураси 1-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[3] Бақара сураси 851-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[4] Имом Насафий. Тафсирун насафий 1109 б.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати