Аллоҳ таоло яратган бандаларига фаҳш ишлардан сақланишни қаттиқ буюрган. Қуръони каримнинг Исро сураси, 32-оятида шундай марҳамат қилинади: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир». Инсон ҳаётини барбод қиладиган бу йўллардан қайтариқ бўлишига қарамай, баъзи кимсалар гуноҳи кабираларни қилишдан тоймайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўймоқда.
Яқинда интернетда Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозори атрофида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар тасвири туширилган видео пайдо бўлди. Унда ҳудуд кексалари томонидан бундай кимсалар ёшларга салбий таъсир ўтказаётгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса вазиятга мана бир неча йилки, бефарқ қараб келаётгани таъкидланади.
Фоҳишалар фаолиятига қарши туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Натижада фоҳишалик билан шуғулланувчи 80 нафарга яқин аёл ушланди. Уларга нисбатан маъмурий ишлар бўйича Бектемир туман суди томонидан жазо белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фоҳишалик билан шуғулланган шахсга нисбатан энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача жазо назарда тутилган. Улар жазосини олди. Шу билан муаммо ўз ечимини топдими? Йўқ...
Баён қилмоқчи бўлган фикрларимиз қўпол чиқадиган бўлса, айбга буюрмайсиз, чунки бу мавзуга батафсил тўхталиб ўтиш ва уни холис ёритиш ана шундай қўпол фикрларни юзага чиқаради. Хўш, суддан сўнг улар уйига боради, телефонини ёқади, “клиент”лари ёки ўзи уларга қўнғироқ қилади (қийин вазиятда эмасми?!). Мижозга одатдагидек фоҳишалик хизмати таклиф этилади. Қарабсизки, белгиланган жарима пули тайёр. Эртасига кассага пулни тўлайди ва юзим-кўзим демай фаолиятини давом эттираверади (агар Аллоҳ инсоф бериб бу гуноҳдан қайтмаса). Кўриб турганингиздек, разолат эгаларига бундай жарима жазоси етарли эмас.
Уларнинг нега бундай қабиҳ ишлар қилишаётгани сабаби билан қизиқдик. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти яшаш жойидаги туман ҳокимиятига мурожаат қилган, иш тополмаган, уйсиз, ажрашганларининг эса ҳуқуқий онги паст, алимент ундиришга мурожаат қилишни билмайдиган ёлғиз аёллар.
Ўтган давр мобайнида уларга нисбатан бефарқлик ҳолатлари кузатилган, тегишли ташкилотлар эса кераксиз қоғозларни тўлдириш билан банд бўлган. Зиммаларидаги вазифаларни бажармай келган. Афсус билан тан олишимиз керак бу - «ўзимиз пиширган ош».
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳаёт қийинчиликларига учраган бошқа аёллар-чи? Улар бундай қабиҳ ишларни қилаётганлари йўқ-ку. Аллоҳга шукр айтиб, ҳалол меҳнати билан оиласини боқаётган аёллар қанчадан қанча. Бу мусулмон миллатига ярашмайдиган жирканч ҳолатдир.
Ривоят қилишларича, жаҳаннамдаги бир водийда илонлар бўлади. Ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек бўлиб, улар намозни тарк қилувчиларни чақади. Уларнинг заҳри инсон жисмида етмиш йил ўз таъсирини кўрсатади. Сўнг унинг гўштлари шалвираб тушади. Жаҳаннамда “Жуббул ҳузн” (қайғу ўраси) деб номланган яна бир водий бўлиб, у илон ва чаёнлар маконидир. Ҳар чаён хачирдек келади. Унинг етмишта ниши бўлиб, ҳар бир ниши заҳарга тўла. У зинокорни чақиб заҳарлайди. Унинг оғриғи минг йил азоб беради. Сўнг зинокорнинг гўштлари титилиб, фаржидан қон, йиринг оқади. Охиратда зинокорлар ана шундай даҳшатли жазо олишлари саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган. Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари ва «Ислом ота» жоме масжид имом хатиби Жасурбек қори Раупов билан айнан мана шу гуноҳи кабира мавзусида суҳбатлашдик. “Бундай гуноҳларга ота-оналарнинг фарзандларига ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ўргатмаганликлари сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло зино қилиш тугул унга яқинлашишни ҳам тақиқлаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): «Қайси бир қавмда зино кўпаядиган бўлса, уларга ота-боболари эшитмаган касаллик келади», - деб айтиб ўтганлар. Бугунги кунда тарқалган ОИТС ва шунга ўхшаш касалликлар ана шундай офатлардан бири ҳисобланади. Яна бир ҳадисда Муҳаммад (с.а.в): «Кимки икки жағи ва икки оёғи орасини гуноҳлардан сақласа, жаннатга киришларига мен кафил», деб айтиб ўтганлар. Шундай экан жаннатга киришнинг осон йўлидан тўсадиган зинодан сақланишимиз зарур.
Бир куни бир саҳоба келиб пайғамбаримиз (с.а.в)га “Ё Расулуллоҳ, зино қилмоқчиман, куч-қувватим кўпайиб кетяпти”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) «Ўзингнинг опанг, синглинг ёки онанг билан бегона эркак зино қилишини хоҳлайсанми?», дедилар. Шунда унинг жаҳли чиқиб, нега бундай деяётганликларининг сабабини сўради. Шунда Расулуллоҳ: «Сен зино қилмоқчи бўлган инсоннинг ҳам акаси, укаси ёки ўғли бўлиши мумкинлигини унутма», - дедилар. Шунда саҳоба бу гуноҳи кабирадан сақланишга Аллоҳ номи билан қасам ичди.
Жамиятда бундай иллат тарқалишига асосий сабаб инсоннинг нафси, уни жиловлай олмаслиги. Бошқа қийинчиликлар сабаб бўла олмайди. Уруш даврида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Лекин инсонларимиз сабр қилган. Ҳозир жамиятимизда меҳнат қилган инсон ризқини топяпти. Очликдан ўлди, деган гапни эшитганимиз йўқ. Очкўзликдан ўлди, деган гаплар қулоғимизга чалиняпти. Шундай экан сабр қилишимиз, меҳнат қилиб ҳалол ризқ топишни ўрганишимиз зарур. Фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмай, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялаб ўстиришимиз керак”, - деди Жасурбек қори Раупов.
Хулоса шуки, биз фарзандларимизга ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ёшлик чоғларидан сингдиришимиз керак экан. Бундан ташқари, фаҳш ишлар каби жиноятни қилган шахсларга нисбатан қонунчилик томонидан оғирроқ жазолар назарда тутилиши шарт. Бундай шахсларга маълум бир муддатга мажбурий меҳнат жазоси берилса, адолатдан бўлар эди. Зора жазо даврида ҳалол меҳнатнинг нони ширинлигини тушуниб етишса. Қонунчилик ташаббусига эга ташкилотлардан ана шундай лойиҳаларни кутиб қоламиз. Шу билан бирга, жойлардаги ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар иттифоқи мутасаддилари мазкур муаммо бўйича жамиятни соғломлаштириш бўйича алоҳида дастурларини ишлаб чиқишлари зарур. Муаммо илдизи кўриниб турибди. Унга барҳам бериш қолган холос. Ютуқлар доимгидек биз билан қолади. Келажакда мақтанишга вақт топилади. Муаммо бор. Уни босиқлик билан ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш керак. Йўқса, разолат ботқоғи кенгайишда давом этади.
Зафарбек Солижонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зино ниҳоятда оғир гуноҳдир. Барча самовий шариатлар бу гуноҳнинг ёмонлиги ва оғирлигига иттифоқ қилган. Яҳудий, Насроний ва Ислом шариатининг таълимоти бу борада очиқ-ойдиндир. Қуйида уларнинг хулосаси тақдим қилинади.
Яҳудий динида зинонинг ёмонлиги ва унинг жазоси
Яҳудий шариатида зинонинг ҳукми ҳаромдир ва уни ниҳоятда оғир жиноят деб қарор қилинган. Зино энг нопок ва ифлос қилувчи амал деб тасдиқланган. Тавротда Аллоҳнинг азоби зинокорларга бўлиши айтилган.
Аллоҳ таоло жуда кўп умматлар ва қавмларни зинога мубтало бўлганларида ҳалок қилган. Аллоҳ таолонинг Бани Исроилга, зино қилманглар, йўқса, сизларни ҳалок этиб, барбод қиламиз, деган амри бор эди. Яҳудий шариатида зинога оғир жазолари тайин қилинган. Таврот ҳукмига кўра зинокорга қатл, тошбўрон ва ёқиб юбориш жазолари тайин этилган. Зинонинг ёмонлиги назарда тутилиб, нафақат зино ҳаром деб айтилган, балки, унинг сабаб ва воситаларидан ҳам қайтарилгандир. Шунга кўра, бадназарлик, бегона аёллар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва ҳоказо ишлар ман этилган.
Насроний динида зинога муносабат
Насроний динида ҳам зино гуноҳи кабирадир. Инжилнинг жуда кўп ўринларида бу жиноятдан қайтарилган.
Инсонларга қилинган ўн муҳим васиятдан бири зино қилмаслик бўлган. Унда зино Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади дейилган. Нафақат зинонинг ўзи, балки унинг йўллари ва сабабларидан ҳам воз кечиш таъкидланган. Зинокорлар ила алоқа ўрнатишликдан қайтарилган. Насроний дини таълимотида бу мавзуга батафсил ва жиддий эътибор қилинган.
Ислом динида зинога муносабат
Динимизда зино қатъий ҳаром деб айтилган. Қуръон ва ҳадис далилларида зинонинг шаръий ва ақлий ёмонликлари ошкора баён қилинган. Масалан, ароқ (хамр) баъзи маслаҳат (фойда)лар сабабидан турли хил босқичларда ҳаром қилинган. Лекин зинони аввал-бошданоқ, ҳеч қандай риоясиз, қатъий ва очиқ тарзда ҳаром, беҳаёлик, йўлдан чиқиш ва ёмонлик деб ҳукм қилингандир. Исро сурасининг 23-оятида аввал зинодан, ундан кейин ноҳақ қатл этишдан қайтарилган. Бу тартибнинг ҳикматини баён қилар экан. Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзганлар: «Куфрдан кейин энг катта гуноҳ ноҳақ қатлдир. Кейин зинодир. Лекин шунга қарамасдан, бу оятда зинонинг зикри қатлдан аввал келди. Ҳикмати шуки, қайси жамиятда зино эшиклари очилса, унда қатл ва талон-торож кенг тус олади. Зино туфайли қотиллик очиқ ва осон бўлади. Шунинг учун зино қатлдан олдин зикр қилинган» («Ат-тафсирул кабийр», 2/199).
Динимизга кўра, зино шунчалар ёмонки, бу ишни қилган одам иймон нури ва лаззатидан маҳрум деб ҳукм қилинган. Унинг дуолари мақбул бўлмаслиги айтилган. Зино натижасида пайдо бўладиган ижтимоий ва шахсий мусибатлар ҳамда мушкулликларни зикр қилиш билан бу гуноҳнинг нақадар қабиҳлиги очиқ- ойдин кўрсатиб берилган.
Эркаклар зиммасига оиласининг обрўйини сақлаш юклатилгандир. Иффат муҳофазаси учун ҳатто жон фидо этишга ижозат берилган ва унга шаҳидлик мақоми ваъда қилингандир. Оиласининг шаънини рашк қилмайдиганлар эса, даюс ва гуноҳкор саналган.
Шунингдек, аёлларнинг зиммасига фаржларини қатъий муҳофаза қилиш юкланган.
Жамиятни зино балосидан сақлаш учун ҳар бир эркак ва аёлнинг зиммасига аниқламасдан туриб бировни бузуқликда айбламаслик, туҳмат қилмаслик амри юкланган. Туҳмат қилиб, исбот тақдим эта олмайдиганларга қаттиқ жазо тайинланган. Шунингдек, зинонинг барча ҳолатлари, кўринишлари, омил ва сабабларидан ҳамда унга боғлиқ ҳар қандай катта-кичик ишлардан ниҳоятда қаттиқ ва очиқ-ойдин қайтарилган. Мақсад шуки, жамият зинодан буткул пок ва омонда бўлсин.
Юқоридаги тафсилотлардан англаш мумкинки, зино жуда ҳалокатли, хатарли ва оғир жиноят экан. Унинг зарарлари кўплигидан барчасини баён қилишнинг имкони йўқ.
Аслида, зинонинг зарар доираси ниҳоятда кенгдир. У зарарлар охират ва барзах оламигача ҳам етиб боради. Инсоннинг жасадидан ошиб ўтиб, қалби, ботини ва руҳига, дини, ахлоқ-одоби ва сийратига таъсир қилади. Оила ва жамиятларни бузади. Дунёларни алғов-далғов қилади.
«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди