Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Айниқса, ана шу ўн кунликда ибодатларга, саховатларга қаттиқ берилган киши катта фойдалар олиб қолади. Шу тунларда уйқуни ҳаром қилсак, жаҳаннам оташидан нажот топамиз, иншоаллоҳ. Жумҳур уламолар минг ойда қилинадиган ибодатга олинадиган савобга тенг савоб олиш мумкин бўлган – Лайлатул Қадр кечаси ана шу ўн кунликда эканига иттифоқ қилганлар.
Бу кечанинг улуғ мартабаси Қуръони каримда ҳам тавсифланган. Аммо унинг айнан қайси тунда экани аниқ айтилмаган. Шу боисдан ушбу ўн кунликнинг ҳар бир кечасини Қадр билиб ибодатда қоим бўлсак, уни топамиз, иншоаллоҳ.
Хўп, бу ойнинг мукофоти нима ўзи? Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Лайлатул Қадр кечасини бедор ўтказса, Аллоҳ таолога чин ихлосу эътиқод ила ибодат қилиб чиқса, Раббимиз унинг барча гуноҳларини кечириб юборади”, деб марҳамат қилганлари айтилган.
Айнан шу кечада Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини қайтармайди. Ҳар биримизнинг орзу-ҳавасларимиз, муаммоларимиз, истиқболдаги режаларимиз, орамизда шифо топиш истагида бўлган дардмандларимиз бор. Лайлатул Қадр – ана ўша эҳтиёжларимизни Парвардигоримиздан сўрайдиган кечадир.
Бу – орзуларга етиш, режаларни амалга ошириш учун ноёб имконият. Уни қўлдан чиқариб қўйсак, кейин афсусланиб қоламиз. Ҳар тунда ибодатлар, зикрлар қилиб, Аллоҳ таолога гуноҳларимизни кечиришини сўраб ёлворайлик.
Аллоҳ таоло Лайлатул Қадрнинг қандай улуғ кеча эканини Қуръони каримнинг Қадр сурасида қуйидагича таърифлаган:
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَـٰنِ ٱلرَّحِيمِ
إِنَّآ أَنزَلْنَـٰهُ فِى لَيْلَةِ ٱلْقَدْرِ ﴿١﴾وَمَآ أَدْرَىٰكَ مَا لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ ﴿٢﴾لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ خَيْرٌۭ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍۢ ﴿٣﴾تَنَزَّلُ ٱلْمَلَـٰٓئِكَةُ وَٱلرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍۢ ﴿٤﴾سَلَـٰمٌ هِىَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ ٱلْفَجْرِ ﴿٥﴾
1 . Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадр да туширдик.
2 . Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?
3 . Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.
4 . Унда фаришталар ва Руҳ Раббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.
5 . У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.
Кунларимизнинг ҳар лаҳзасида рамазоннинг биздан узоқлашиб бораётганини ҳис қилиб турамиз ва тез орада у ниҳоясига етади. Шундай экан, ибодатларга ва эзгу ишларга ғайратли бўлайлик. Ушбу ғанимат кунларни тилимиз ва қалбимиз ҳар доим зикрда бўлиб, ибодатларимизни вақтида адо этиб, тунлари Аллоҳнинг марҳаматини, фазлини сўраб дуолар қилайлик. Зотан, бу ойда қилинган ҳар бир амал учун савоблар бир неча бор кўпайтириб ёзилади.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Рамазоннинг охирги ўн кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрпа-тўшакларини хонанинг бир четига тахлаб қўярдилар-да, масжидга чиқиб тунни ибодатда ўтказар эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга кўчганларидан сўнг у зотнинг завжалари шундай қилардилар”, деганлар. Яна Оиша онамиз: “Пайғамбар алайҳиссалом рамазоннинг охирги тунларида ўзлари ҳам ухламас эдилар ҳамда яқинларини ҳам уйғотиб чиқиб биргаликда тунни ибодатда ўтказар эдилар”, деганлар.
Аллоҳнинг Расули ер юзида ўзидан олдин ўтган, ўзининг замонида яшаган ва кейин қиёматгача келадиган инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, рамазон ойида шу хислати жўш уриб кетар ва ёрдамга муҳтож кимсаларнинг қошига энг учқур шамолдан ҳам тез етиб бориб кўмакчи бўлар эдилар.
Пайғамбаримизнинг ушбу суннатларига амал қилиб биз ҳам саховатли бўлиб, кечаётган фазилатли кунларимизда моддий жиҳатдан қийналиб қолган юртдошларимиз бўлса, уларга ёрдамчи бўлсак;, кунларимизу тунларимизни зикруллоҳда ва ибодатда ўтказсак, шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни кечириб, Ўзининг севимли бандалари қаторига қўйса.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади
Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-онангиз номидан садақа қилинг.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД