Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Расулуллоҳ алайҳиссалом: Уч нарса ҳалок қилувчидир...

6.06.2018   5775   11 min.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: Уч нарса ҳалок қилувчидир...

“Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “такаббурлик” ва “фахрланиш” маъноларини англатади. Уламолар инсонда вужудга келадиган ужб сифатини турлича таърифлашган.

Роғиб Асфаҳоний: Ужб – инсон ўзини ўзи ҳақли бўлмаган даражага ҳақлиман деб ўйлашидир, деган.

Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ: Ужб – неъматни ҳақиқий неъмат берувчига нисбат беришни унитиб, уни ўзида катта санаб унга суяниб қолишдир, деган.

Ибн Абдуссалом: Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унитиши ва буларни ўз нафсидан деб хурсанд бўлиши ужбдир, деган.

Аллоҳ таоло мутлоқ суймайдиган кибр ҳам айни мана шу ужб, яъни ўзидан-ўзи фахрланиш ортидан юзага келади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда ужбни ёмонлаб зикр қилган. Аллоҳ таоло Ҳунайн ғазоти кунида мусулмонларнинг мағлубиятга ужб сабаб бўлганини эслатиб шундай дейди:

“...Ҳунайн кунида (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади[1]”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши[2]” – дедилар.

Бошқа бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ужбни катта гуноҳлардан бири эканини айтиб шундай деганлар: “Агар сизлар бирор гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, мен сизларга бунданда каттароғидан қўрққан бўлар эдим. У ужбдир[3]”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳалокат иккита нарсада: Ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деган. Маълумки, бахт-саодатга талаб қилиш билан эришилади. Умидни узган одам талаб қилмайди. Ўзидан ўзи фахрланган одам мақсадга эришиб бўлдим деб ўйлайди ва ҳаракат қилмайди. Шунинг учун ҳам ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу икки сифатни ҳалокат сабабчилари сифатида айтган.

Али розияллоҳу анҳу: “Ўзидан ўзи фахрланиш тўғриликни зидди ва ақлларнинг офатидир”, деб бежиз айтмаган.

Шерозий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Билгинки, ужб энг ёмон сифатдир. У фазилатларни тортиб олиб, пасткашлик келтиради. Нафратни келтириб чиқариб, яхшиликларни йўқ қилади. Ёмонликларни ошкор қилиб, ҳалокатга олиб боради”.

Уламолар ужбни саккизта қисми мавжуд эканини айтишиб, буларнинг олдини олиш йўлларини ҳам таъкидлаб ўтишган.

Биринчиси, инсон ўзининг хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Буни Аллоҳнинг неъмати эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолишини унутади. Бунинг олдини олиш учун биринчи нимадан яратилгану, оқибатда яна нимага қайтишини мулоҳаза қилсин.

Иккинчиси, ўзига берилган куч-қувват бўлиб, унга шукр келтиришни унутиб, ушбу куч-қувватни ато этган зотга суянишни тарк қилиб қўяди. Бунинг олдини олиш учун ҳақиқий куч-қувват эгаси Аллоҳ эканини эътироф этиб шукр келтирсин. Ўзидаги куч-қувват тортиб олиниб, энг заиф бандага айланиб қолишини унутмасин.

Учинчиси, ақл бўлиб,  уни чиройли санаб бундай ақл фақат менда бор деб ўйлаб қолади. Бунинг олдини олиш учун, аввало Аллоҳга қайта-қайта шукр келтирсин. Бу неъмат бошқаларга берилмагандек, ўзидан ҳам олиб қўйилиши мумкин эканини ўйлаб кўрсин. Ақл сабабли қанчалаб илмга эга бўлмасин, барибир оз эканини унитмасин.

Тўртинчиси, улуғ насабга эга бўлиш бўлиб, у билан фахрланиши ва шу сабабли мен кўплаб одамлардан афзалман деб қолиши. Бунинг олдини олиш учун, насаб бирор савоб келтирмаслиги ёки бирор азобни даф қилмаслигини билсин. Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли инсон тақводор инсондир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима ва аммалари София розияллоҳу анҳумоларга “Мен сизларга Аллоҳдан бирор нарсани беҳожат қила олмасман” деганлар. Бунинг олдини олиш учун, насаб билан фахрланиш бу бошқанинг камоли билан ўзини азиз тутиш эканини билсин. Сўнг яна, яқин (тирик) отаси нутфадан пайдо бўлганини ва узоқ (вафот этган) бобоси тупроққа айланиб бўлганини ҳам билиб қўйсин.

Бешинчиси, золим ҳукмдорларга ўзини нисбатини бериб, улар билан фахрланиши. Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: Бу ниҳоятда нодонлик бўлиб, бунинг олдини олиш учун, золимлар Аллоҳнинг ҳузурида хорланиб ғазабга дучор бўлишларини ўйлаб кўрсин.

Олтинчиси, фарзандлари, қариндошлари ва ўзига тобеъ кишиларнинг кўплигига ишониб, Аллоҳга суянишни ва Унга таваккул қилишни унутиб қўйиши. Бунинг олдини олиш учун, ҳақиқий кўмак берувчи зот Аллоҳ эканини аниқ билсин. Албатта, уларнинг кўплиги ўлим вақтида бирор фойда бермаслигини тушунсин.

Еттинчиси, мол-дунёнинг кўплиги бўлиб, унга суяниб қолиши. Аллоҳ таоло бунинг мисолини икки боғ эгасини хабарини бериш билан келтирган: “Яна унинг бойлиги ҳам бор эди. Бас, у биродарига мурожаат қилиб: “Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ” - деди[4]”. Бунинг олдини олиш учун, мол-дунёни фитна эканини ва унинг офатга учрайдиган сабаблари бир қанчалигини билсин.

Саккизинчиси, хато фикрга эга бўлиб қолиб, буни неъмат деб ўйлаб қолиши. Аслида эса, бу азобдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

Ахир, (қилган) ёмон иши ўзига чиройли кўрсатилиб, уни гўзал (иш) деб ўйлаган кимса (ҳидоят топган зот каби бўлармиди)?![5]”.  Бунинг олдини олиш бошқаларидан қаттиқроқ бўлади. Чунки хато фикр эгаси, ўзининг хатоси сабабли нодондир. Бунинг олдини олиш учун, ўзининг фикрига суяниб алданиб қолмаслиги керак. Ўзининг фикрини Қуръон ёки ҳадис ёки соғлом ақлий далил қувватласа шунда фикрига қараб иш қилсин.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, кўпинча инсонда ужбнинг пайдо бўлишига атрофдаги маддоҳларнинг мақтовлари ва олқишлари ҳам сабаб бўлади. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бошқа бир кишини мақтади. Шунда Пайғамбаримиз: Ҳолингга вой бўлсин, биродарингни бўйнини синдирдинг, деб бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг: Сизлардан бирингиз бошқани чорасиз мақташга тўғри келиб қолса “Мен уни шундай деб ўйлайман. Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Мен Аллоҳга ҳеч кимни покламайман” – десин, дедилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: Мақташ сўйишдир, деган.

Шу сабабдан оқил инсон атрофидаги маддоҳларнинг олқишларига эмас, балки қалби соф дўстларнинг маслаҳатларига қулоқ солиши лозим. Зеро мана шундай дўстларгина яхшилик ва айбларга кўзгу бўладилар. Инсон ўзича яхши деб ўйлаб эътиборсиз қолдирган ёмонликларидан огоҳ этадилар.

Анас ибн Молик розяияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Агар унда бирор айбни кўрса, тузатади[6] – деганлар.

Умар розияллоҳу анҳу: Айбларимни кўрсатиб қўйган инсонни Аллоҳ раҳм қилсин, дер эди.

Мовардий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Кибр ва ужб инсондаги фазилатларни тортиб олиб, разил-ёмон сифатларни келтиради. Кибр ва ужб эгаси насиҳатчининг насиҳатига ва одоб берувчининг таълимига қулоқ солмай қўяди. Чунки кибр инсон бирор даражага эришганда ва ужб эса инсон бирор фазилатга эга бўлганда  юзага келиб қолади. Шунда мутакаббир ўзини таълим берувчининг мартабасидан юқори қўяди. Ужб эгаси эса ўз фазлини одоб берувчиникидан ортиқ санайди”.

Шундай экан, ужб инсонга кўплаб зарарлар келтиради. Ужбнинг оқибати кибрга олиб боришининг ўзи унинг офтига кифоя қилади десак муболаға бўлмайди. Зеро, шайтоннинг Аллоҳга осий бўлишига кибри сабаб бўлгани барчамизга маълум. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ ужбнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантириб айтади: Ужб гуноҳларни унутиб уларга бепарво бўлиб қолишга сабаб бўлади. Ужб соҳиби қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб фахрланиб қолади. Ушбу ибодатларни қилаётганидан Аллоҳга миннат қилишгача боради. Ўз ибодатларидан ужбга тушгани сари бунинг ёмон оқибатларини ҳам унутиб боради. Ким амалларини ёмон оқибат билан якун топишига эътибор қилмаса қилаётган ҳаракатлари зое бўлиб қолаверади. Ужб эгаси ўз нафси ва фикри билан алданиб қолиб, Аллоҳнинг макри ва азобидан хотиржам бўлиб қолади. У ўз нафсини мақтаб бирор айб ва камчиликлардан холи деб билади. Натижада бошқалар билан маслаҳатлашиш ёки бирор билмаган нарсасини сўрашни ўзига ор билиб, ўз фикри билан кифояланиб қолади. Энг ёмони ўзининг хато фикрини тўғри деб билиб, ўзидан шундай фикр чиққанидан хурсанд бўлиб ўша фикрида қатъий туриб олишидир. Гоҳо бу нарса уни ҳалокатига сабаб бўлади. Айниқса унинг бу хато фикри дин ишларига тегишли фикр бўлса. Шунинг учун ҳам ужб ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан бири сифатида саналган. Ужб эгасининг мен мақсадга эришиб бўлдим деб амал қилишдан тўхтаб қолиши, ужбнинг энг катта офтларидан биридир. Бу эса шубҳасиз очиқ ойдин ҳалокатдан бошқа нарса эмас.

Дарҳақиқат, бугунги кунимизда озгина илм ўқиб ёки эшитиб, лекин уқимай ўзини “олим”ман деб юрган ёшларимиз борлиги хеч кимга сир эмас. Улар ўзларидаги ана шу озгина илм билан кифояланиб ва шундан хурсанд бўлиб ҳамда бўлди мақсадга эришдим деб, юришларига нафсларига ўрнашиб қолган ужб сабабдир эҳтимол. Ўзларини қўлларига китоб олиб бир қатор ўқишга сабрлари етмасдан туриб, ўнлаб мужалладли китоблар ёзган мужтаҳид уламоларга тил теккизишлари ачинарли ҳолатдир. Илм ва салоҳияти етмаган ҳолда оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларидан ўзларининг хато фикрларига асосланиб ҳукм олмоқчи бўладилар. Мустаҳкам илм ва асосли далилга суянмасдан туриб оят ва ҳадислардан тўғридан тўғри ҳукм олиб бўлмайди, деган уламоларнинг насиҳатига қулоқ солишни ўзларига эп кўрмайдилар. Натижада ўзларини ҳам бошқаларни ҳам адшишига сабаб бўлиб қоладилар.

Ушбу хатоларни тузатиш учун илм ўқийлик, нафсимизни зикр, тиловати Қуръон, саловатлар ила сайқаллаб ужб ва кибр каби иллатлардан софлайлик. Мужтаҳид уламолар ва уларнинг мўътабар асарларини ҳурматини ўз ўрнига қўяйлик. Энг муҳими, “Ким мен олимман деса, у жоҳилдир” деган насиҳатни унутмайлик!

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ

тайёрлади

 

 

 

[1] Тавба сураси 25-оят.

[2] Баззор ривояти.

[3] Баззор Анаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[4] Каҳф сураси 34-оят.

[5] Фотир сураси 8-оят.

[6] Имом Абу Довуд ривояти.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат кампанияси бошланди

25.11.2024   1949   1 min.
Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат кампанияси бошланди

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни

Тошкентда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошланди.  

Бу кампания аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чорлайди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз логотипини олов рангга ўзгартирди. Бу ранг  умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажак рамзидир.

Агентлик барчани ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш, муаммога эътибор қаратиш ва бирдамликни намойиш этишга чорлайди.

Биргаликда биз дунёни хавфсизроқ қила оламиз. Зеро, зўравонлик ҳеч қачон оқланмайди.

ЎзА

МАҚОЛА