“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусу-сиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада оиладаги раҳбарлик масъулияти кимнинг зиммасида бўлиши, солиҳа аёлларнинг сифати ва оилада заифа аёл сабабли юзага келадиган келишмовчиликни бартараф этиш йўлларини қуйидагича баён қилган:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. Яъни, эр оилада хотин ва фарзандлар устидан уларни манфаатли бўлган ишларга буюриб, зарарли ҳолатлардан қайтариб туришда раҳбардир. Оятда “қоим турувчилар” маъносини англатувчи “қоввамун” сўзи араб тили қоидасига кўра муболаға сийғасида келган. Бу оила бошлиғи бўлган эр хотин ва фарзандларнинг тарбиясида уларга одоб-ахлоқ ўргатишда, моддий таъминотда, ҳақ-ҳуқуқларини сақлашда ва ҳимоя қилишда улкан масъулият устида эканини кўрсатади. Имом Қуртубий: “Эркакларнинг табиатида аёллар табиатида бўлмаган зиёда қувват бор. Чунки эркакларнинг табиатида иссиқлик ва қуруқлик ғолиб бўлиб, бу қувват ва шиддатдан далолат беради. Аёлларнинг табиатида намлик ва совуқлик бўлиб, бу юмшоқлик ва заифликдан далолат беради. Шу сабабдан эркакларга аёллар устидан раҳбарлик ҳаққини берган”, деган.
Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеъа сабаб бўлган. Ҳабиба бинти Зайд эри Саъд ибн Робеъга итоатсизлик қилди. Шунда Саъд уни бир шапалоқ урди. Ҳабиба отаси билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Мен қизимни унга тўшак қилиб берсам, у қизимни урибди” деб шикоят қилди. У зот: эридан қасос олсин, дедилар. Улар қайтиб кетаётган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтариб: “Жаброил алайҳис салом оят келтирди”, дедиларда мазкур оятни ўқидилар. Сўнгра: “Биз бир ишни хоҳладик ва Аллоҳ ҳам бир ишни ирода қилди. Аллоҳ ирода қилгани яхшидир”, дедилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло оилада эрларга раҳбарлик масъулияти берилишидаги асосий икки сабабни баён қилди:
Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. Демак, ушбу икки сабабнинг биринчиси эркакларнинг аёллардан баъзи хусусиятларда ортиқлиги ва иккинчиси ўз мол-мулкларидан нафақа қилганлари. Бу билан айтишлик мумкинки, эркакларни афзал қилиб яратилиши аёлларнинг фоидаси учундир. Чунки эркаклар ўзларига берилган ақлу идрок ва куч-ғайрат орқали оилани гўзал таризда бошқаради ва моддий томонлама таъминлайди. Муфасссирлар оятда келган “ортиқлик”ни пайғамбарлик, халифалик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш каби хусусиятлар билан тафсир қилганлар.
Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг бошқаруви остида бўлган аёллар ҳақида сўз юритиб, уларни икки қисм бўлишини айтди. Уларнинг биринчи қисми:
(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Ушбу жумлалар хабар кўринишида келган бўлсада, бундан эрга итоат этиш, уни мол-мулкини ва ўз иффатини сақлашга буюриш қасд қилинган. Демак, ўз динида солиҳа бўлган аёлларнинг бир сифати Аллоҳга ва эрига итоатли бўлишидир. Уларнинг иккинчи сифати эса, нафақат эрлари ҳузурида, балки улар йўқлигида ҳам мол-мулкларини ва обрўларини ҳамда ўз иффатларини сақлайдилар. Улар бу ишларида Аллоҳнинг розилигини кўзлаганлари учун Аллоҳ ҳам уларни ўз ҳимоясига олади. Абу Довуд Тайолисий “Муснад”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир”, деганлар. Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади”, деганлар.
Кейинги оятларда Аллоҳ таоло аёлларнинг иккинчи қисмини баён қилиб, улар сабабли баъзан оилада вужудга келадиган нохушликлар муолажасини қилган. Бу нохушликка аёл сабабчи бўлиб, эрига итоатсизлик қилса, унга нисбатан қандай йўл тутилиши баён этилган:
“Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Демак, ўз эрига итоатсизлик қилган аёлларга нисбатан биринчи навбатда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатини эслатиш орқали панд-насиҳат қилинади. Яъни, Аллоҳ аёллар зиммасига ўз эрларига итоатда, чиройли муомала ва муносабатда бўлишни вожиб қилиб қўйгани айтилади. Эр ўз аёли устидан бир даража юқори туришини эътироф этишга чақирилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар инсонни инсонга сажда қилишга буюрганимда эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим[1]” деб марҳамат қилган ҳадислари яна бир бор эслатилади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ насиҳат қилиш: “Аллоҳдан қўрққин. Сени устингда мени ҳаққим бор. Сен ушбу ҳолатингдан қайтгин. Менга итоат этишинг сени зиммангда фарз эканини билгин” каби гаплар билан бўлади, деганлар.
Салафи солиҳларимиз эрига итоатсизлик қилган хотинга нафақа берилмаслигини алоҳида таъкидлаганлар.
“сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз,”. Яъни, агар аёлга панд-насиҳат манфаат бермаса, бирга ётадиган тўшагини алоҳида қилади. Зеро, ўринни алоҳида қилиш эрига муҳаббатли аёл учун оғир ботиб, тезда ўзини ўнглашга ҳаракат қилади. Бундан ўзига хулоса чиқармаган аёл, эрига итоатсизликда қатъий эканини кўрсатиб қўйган бўлади. Муфассирлар оятда келган “тарк этиш”ни турлича тафсир қилишиб, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: бир тўшакда ундан юз буриб, гаплашмайди, деган. Баъзилар: юмшоқ гапирмасдан, дағаллик қилади, дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон аёл эрининг тўшагидан алоҳида таризда тунни ўтказадиган бўлса, қайтгунича фаришталар унга лаънат айтиб туради[2]”, деганлар.
“сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз”. Аллоҳ таоло аёлларга аввало панд-насиҳат қилишга сўнг ўринларда тарк қилишга буюрди. Агар бу иккиси фойда бермаса урушга ўтилади. Зеро, баъзи аёлларга борки уларни уриш ўнглайди ва эрининг ҳаққига тўла-тўкис риоя қилишга ундайди. Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунмаслик керак. Уламолар ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръонда фақат мана шу ўринда ва улкан гуноҳларнинг ҳадларидагина очиқ-ойдин уришга буюрган. Хотинларнинг ўз эрларига нисбатан гуноҳларини улкан гуноҳлар билан тенглаштирган. Одоб бериш ҳуқуқини тўғридан-тўғри эрларнинг ўзларига берган. Ушбу гуноҳни гувоҳ ёки ҳужжатлар орқали исботланиши ва белгиланган чораларни қўллашда қозининг ҳузурида бўлишини шарт қилмади. Бу Аллоҳ эрларни хотинлар устидан раҳбар қилиб қўйгани, улар учун ҳақиқий неъмат эканига далолат қилади.
Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?” деб сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” деганлар. Ушбу ривоятлардан маълум бўладики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш ва ўртани тузатиш учундир.
“Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Аллоҳ оятнинг аввалида эрларнинг фазилатини, сўнг уларга одоб бериш ҳаққини берганини баён қилиб, ушбу оятда зулм қилиб қўйишдан қайтармоқда. Аёлларнинг ҳассос ва заиф ҳолда яратилгани айни ҳақиқатдир. Улар ўз заифаликларига бориб, итоасизлик ва одобсизлик қилиб қўядилар. Юқорида айтиб ўтилган чоралардан бири қўллангач, ўзларига келиб итоатга қайтсалар, уларга нисбатан бошқа чора қўллашга ўтилмайди. Чунки мазкур чораларни қўллаш оилани сақлаб қолиш учун эди. Зеро, мақсад ҳосил бўлгач, бошқа чорага эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Шуни унутмаслик керакки, хотин итоат қилгандан кейин ҳам уларга қарши бошқа йўл ахтариш, уларга зулм қилиш бўлиб қолади. Албатта, Аллоҳ таоло зулм қилган золимлардан ўч олишга қодир олий ва улуғ зотдир.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Фарҳод ЖЎРАЕВ
тайёрлади
[1] Ушбу ҳадисни имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[2] Имом Бухорий ривояти.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси