frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

“Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

06.06.2018   57163   3 min.
“Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

Муфти ас-сақолайн Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган.

“Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради:

“رمضان” — ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири:

— “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради.

— “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди.

— “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади.

— “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича:

— одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади.

Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”.

Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган.

Мана, бу йилнинг Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб бормоқда. Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни насиб айласин!

 

Халилуллоҳ ЮСУФ

Тошкент ислом институти 

талабаси

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда

11.08.2026   14734   1 min.
Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.

Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.

Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.

Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.

Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.

Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда
Ўзбекистон янгиликлари