Ҳар бир мавзуни исбот ва далиллар мустаҳкамлайди. Имкон борича мақоламизда ҳаётий воқеийликни акс эттирамиз.
“Дастлаб ортиқча килограммлар мени унчалик безовта қилмаган эди. Кунларнинг бирида бундай қарасам, кўйлагим ўзимга ниҳоятда тор келиб қолибди... Вазнимни ўлчаб кўрсам 15 кг ортиб кетган эканман. Шундан кейин ... нималар қилмадим дейсиз! Югуриб ҳам кўрдим, парҳез сақладим, лекин барибир вазним тобора ортиб кетаверди. Орадан бир йил ўтди. Ташқи кўринишим атрофимдагиларга нисбатан кулгу, гоҳо ачиниш ҳиссини уйғотарди. Вазнимнинг ўзгариши феълимнинг ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Ўзимнинг “тасқаралигимни”ни ҳис қила бошладим, бу эса менинг жаҳлимни чиқарар ва одамлардан ўзимни олиб қочадиган бўлиб қолдим. Эндиликда вазним 40 кг ортиқ бўлиб, зиналардан чиқишим ҳам қийинлашди. Юрак ҳам нотекис ура бошлади. Оғирлигим 120 кг, ҳаддан ташқари семириб, ёғ босиб кетганман, ўзимни бемор ва мутлақо бебахт одамдек ҳис қилардим. Шунда сўнг ойнинг 13-14-15 ва ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари рўза тутишга одатландим. Орадан бироз вақт ўтиб вазним 80 кг га тушди. Рўза тутиш нафақат руҳиятимни, ҳатто ташқи кўринишимни ҳам ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлди” дея рўза тутиш орқали кўрган фойдаларини ўзгаларга ҳам тавсия қилди, синглимиз Наргиза.
Сўнгги йилларда дунёдаги кўпгина мамлакатларда касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун ўзини овқатдан сириш усулидан тобора кенгроқ фойдаланилмоқда. Бу усул ўзига хос жиҳатларга эга. Энг муҳими, вақти-вақти билан ҳар ойнинг 13-14-15 куни ёки ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунларида рўза тутишга одатланиш бир томондан суннат амал ҳисобланса, иккинчи томондан танамизни соғломлаштиришда асосий омилдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут”, дедилар.
Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба ва пайшанба кунлари рўзаси ҳақида сўралди. У зот: “Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди”, дедилар.
Шифокорларнинг таъкидлашича, сариқ касаллигига чалинган одамлар жигарининг тузилишида анча салбий ўзгариш (катталашган ё кичрайган) бўлар экан. Яқинда кўрикдан ўтганимда шу нарса маълум бўлдики, сариқ касали билан оғриган бўлсам-да жигаримнинг ҳеч бир асоратсиз, ёшимга нисбатан анча бақувват ва соғломлигидан шифокор ҳам ҳайратланди. Бунга гувоҳ бўлган турмуш ўртоғим эса соғлигини тиклаш мақсадида ҳафтада икки бор рўза тутишни одат қилдилар.
Аслида кўплаб касалликлар меъёрни билмаслик орқали пайдо бўлади. Рўза тутиш орқали биз икки томонлама фойдаларни яъни – охират савоблари ва танамиздаги ортиқча беморликлардан халос бўламиз, иншоаллоҳ!
Нилуфар БОЗОРБОЙ ҚИЗИ
тайёрлади
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти