frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рўза фақат рўзадорни даволайди!

05.06.2018   65512   3 min.
Рўза фақат рўзадорни даволайди!

Ҳар бир мавзуни исбот ва далиллар мустаҳкамлайди. Имкон борича мақоламизда ҳаётий воқеийликни акс эттирамиз.

“Дастлаб ортиқча килограммлар мени унчалик безовта қилмаган эди. Кунларнинг бирида бундай қарасам, кўйлагим ўзимга ниҳоятда тор келиб қолибди... Вазнимни ўлчаб кўрсам 15 кг ортиб кетган эканман. Шундан кейин ... нималар қилмадим дейсиз!  Югуриб ҳам кўрдим, парҳез сақладим, лекин барибир вазним тобора ортиб кетаверди. Орадан бир йил ўтди. Ташқи кўринишим атрофимдагиларга нисбатан кулгу, гоҳо ачиниш ҳиссини уйғотарди. Вазнимнинг ўзгариши феълимнинг ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Ўзимнинг “тасқаралигимни”ни ҳис қила бошладим, бу эса менинг жаҳлимни чиқарар ва одамлардан ўзимни олиб қочадиган бўлиб қолдим. Эндиликда вазним 40 кг ортиқ бўлиб, зиналардан чиқишим ҳам қийинлашди. Юрак ҳам нотекис ура бошлади. Оғирлигим 120 кг, ҳаддан ташқари семириб, ёғ босиб кетганман, ўзимни бемор ва мутлақо бебахт одамдек ҳис қилардим. Шунда сўнг ойнинг 13-14-15 ва ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари рўза тутишга одатландим. Орадан бироз вақт ўтиб вазним 80 кг га тушди. Рўза тутиш нафақат руҳиятимни, ҳатто ташқи кўринишимни ҳам ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлди” дея рўза тутиш орқали кўрган фойдаларини ўзгаларга ҳам тавсия қилди, синглимиз Наргиза.

Сўнгги йилларда дунёдаги кўпгина мамлакатларда касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун ўзини овқатдан сириш усулидан тобора кенгроқ фойдаланилмоқда. Бу усул ўзига хос жиҳатларга эга. Энг муҳими, вақти-вақти билан ҳар ойнинг 13-14-15 куни ёки ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунларида рўза тутишга одатланиш бир томондан суннат амал ҳисобланса, иккинчи томондан танамизни соғломлаштиришда асосий омилдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут”, дедилар.

Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба ва пайшанба кунлари рўзаси ҳақида сўралди. У зот: “Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди”, дедилар.

 Шифокорларнинг таъкидлашича, сариқ касаллигига чалинган одамлар жигарининг тузилишида анча салбий ўзгариш (катталашган ё кичрайган) бўлар экан. Яқинда кўрикдан ўтганимда шу нарса маълум бўлдики, сариқ касали билан оғриган бўлсам-да жигаримнинг ҳеч бир асоратсиз, ёшимга нисбатан анча бақувват ва соғломлигидан шифокор ҳам ҳайратланди. Бунга гувоҳ бўлган турмуш ўртоғим эса соғлигини тиклаш мақсадида ҳафтада икки бор рўза тутишни одат қилдилар.

Аслида кўплаб касалликлар меъёрни билмаслик орқали пайдо бўлади. Рўза тутиш орқали биз икки томонлама фойдаларни яъни – охират савоблари ва танамиздаги ортиқча беморликлардан халос бўламиз, иншоаллоҳ!

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ ҚИЗИ

тайёрлади

 

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   34676   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари