Ўзбекистон қўшни Афғонистон Ислом Республикасига мамлакатда кузатилган қурғоқчилик сабаб 3100 тонна миқдоридаги ун-дон маҳсулотларини юбормоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Ушбу инсонпарварлик кўмаги ўзбекистонликлар номидан Афғон халқига оғир вазиятларда кўрсатилган кўмак сифатида баҳоланмоқда. Бу сингари савобли ишларнинг Рамазон ойида амалга оширилиши икки қўшни мамлакатлар ўртасидаги ҳамкрлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юбориши муносабати билан Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) икки давлат ҳукумат вакилларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги вакили Исматилла Эргашев, Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллик идораси консули Миродил Абдураззоқов, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий ҳамда ҳукумат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мак Кай Ортон... Энтомология[1] бўйича илмий даражага эга, Корнел университетида (АҚШ) ўн йилдан бери асаларилар бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради.
Тадқиқотчи М.К. Ортон бундай дейди: “Қуръонда асаларилар ҳақида бир сура борлигини эшитдим. 1445 йил муқаддам нозил бўлган Китобда келган асалариларга оид маълумотларнинг аниқлиги мени қаттиқ ҳайратга солди. Қуръондаги 16 тартиб рақам остидаги “Наҳл” сурасини тўлиқ ўқиб чиқдим. Ушбу суранинг асалари ҳақидаги 68-оятида 16 та сўз ва 16 хил араб ҳарфлари келган. Қизиқ жиҳати, урғочи асалариларда 16 жуфт хромосома, эркак асалариларда ҳам 16 хромосома бор”.
Мак Кай Ортон яна бундай деб айтади: “Асаларилар билан боғлиқ яна бир нарса мени қизиқтирди. Маълумки, Қуръони каримда феъллар музаккар (эркак жинси) ва баъзилари муаннас (аёл жинси) шаклда келган. Асаларилар ҳақида келган оятлар айнан аёл жинсида ифодаланган. XIX асрнинг бошларида Эдвард Беван асални фақатгина урғочи асаларилар ишлаб чиқаришини аниқлаган. Эркак асаларилар асал бермайдилар”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: «Роббинг асаларига ваҳий юборди: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббингнинг осон қилиб қўйган йўлларидан юргин”. Қоринларидан турли рангдаги ичимлик чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят (белги) бордир» (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Ушбу оятда “емоқ” феълининг амр (буйруқ) шакли “кули” (егин) аёл жинси шакли ишлатилган. Эркак жинсида бу сўз “кул” шаклида келади. Бошқа феъллар ҳам шундай шаклда келган.
Шунингдек, оятда “батнун” (ошқозон) сўзининг кўплик шакли “бутуунун” сўзи келган. “Ҳа” олмоши учинчи шахс бирлик маъносидаги аёл жинсини билдиради.
Тадқиқотларда урғочи арининг ҳақиқатан ҳам иккита ошқозони борлиги, бири озиқ-овқатни ҳазм қилиш учун, иккинчиси гуллардан йиғилган нектарни сақлаш учун экани аниқланган.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Энтомология (лотинча: ҳашаротлар) – ҳашаротлар тўғрисидаги фан. Ҳашаротларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, уларнинг индивидуал ва тарихий ривожланиши, хилмахиллиги, ер юзида тарқалиши, яшаш муҳити билан муносабатлари ва бошқаларни ўрганади.