Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазирлиги ҳаж зиёратчиларига қулайлик тақдим этиш мақсадида, 2018 йилги ҳаж мавсумида тажриба тариқасида Мино водийсидаги хаймаларнинг бир қисмини икки қаватли кроватлар билан жиҳозламоқчи.
Ҳаж ва умра ишлари бўйича вазирлик мулозимига кўра, бу каби тадбирлар келгусида хавфсизлик ва саломатлик жиҳатидан ҳожиларга қўшимча қулайликлар тақдим этади.
Мазкур тажриба дастлаб Узоқ Шарқ ҳожилари, хусусан, Малазия ва Индонезия ҳожиларининг бир қисмида ўтказилади.
Вазирлик мулозимининг қўшимча қилишича келгусида ҳожиларга янада кўплаб бошқа қулайликлар тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Интернет маълумотлари асосида
Мақсуд Каримов тайёрлади
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати