Мисрда
Шаҳар кўчалар ялтироқ материаллар, фонуслар ва рангли чироқлар билан безалади. Рамазон учун махсус фонусни мисрлик усталар рангли ойна ва металлдан ясашади. Уларнинг энг каттасининг баландлиги икки метргача бўлади. Фонуснинг ўртасига илгари шам ёки машъал ёқиб қўйишган. Ҳозир эса асосан электр чироғи айланиб турадиган хитой фонуслари сотилади.
Кечқурун, кун ботганидан сўнг кўча юзига катта чодир ўрнатилади ва истаган кишиларни бепул овқатлантираверади. Уларни асосан, сиёсатчилар, бизнесменлар, актёрлар ва шуларга ўхшаган ўзига тўқ кишилар ташкил этади.
Рамазон ойида Мисрда турмуш тарзи буткул ўзгаради. Айниқса, бу Қоҳира ва Александрияда сезилади. Кундузлари шаҳар кўчалар бўм-бўш, кафелар, ресторанлар ёпиқ бўлади. Кун ботгандан сўнг ҳаёт қайнай бошлайди – ҳамма ифтор қилишга ва намозини вақтида ўқишга шошилади. Ҳатто энг йирик савдо марказлари ҳам ифтор ва намоз вақтида ходимлари ифтор қилиб намоз ўқиб олишлари учун ишни тўхтатиб туради. Тун давомида эса кўчалар одамга тўла бўлади, ҳар тарафдан мусиқа садолар эшитилади ва мева, ширинлик, турли-туман пишириқлар, салатлар сотувчиларнинг бақир-чақири эшитилиб туради
“Баваб” деганлари саҳар чоғида одамларнинг эшикларига уриб “Эй ухлаётганлар, уйғонинглар! Рамазони кариманинг саҳарлик вақти кирди!” деб жар солади.
Ифторга одамларни тўпдан ўқ отиб ёки қўнғироқлар чалиб чақиришади. Бу вақтда ҳамма ресторанлар катта чегирмалар қилади. Йўл бўйидаги савдо расталари камбағалларга ва муҳтожларга текин овқатлар тарқатади. Ўша расталарнинг ёнидан ўтаётган исталган киши тўхтаб ифтор қилиб кетиши мумкин. Ифтор вақти радио ва телевидение орқали ҳам эълон қилинади. Мисрликларнинг қизиқ анъаналардан бири – шом намозидан олдин ўтиб кетаётган автомобиллар ойнасидан ифторга ейиладиган егуликлар жамланмаси ташлаб кетилади.
Туркияда
Туркларнинг аксари рамазон рўзасини тутади. Шу боисдан одатдаги туркия ҳаётида ўзгаришлар юз беради.
Кун давомида кўплаб қҳавахона ва чойхоналар ҳатто сайёҳлар учун ҳам ёпилади. Чууки рўзадорлар ифторга улгуриш учун қисқа иш графигига ўтади.
Туркияда бир неча йилдан бери Рамазон ойида “тез овқатланиш чодирлари” фаолият кўрсатади. Рамазон бошлангани заҳоти Истамбул шаҳри раҳбарияти кам таъминланганлар ҳамда бирор сабаб билан ифтор вақти уйига етиб олишга улгурмайдиганлар учун иссиқ ифторликлар ташкил этади. Уларда аксаран талабалар ишлайди. “Одамлар тоза ҳавода роҳатланиб овқатланиб. суҳбатлашиб ўтирсин, концертларни, театр томошаларини кўришсин, ярмаркаларни айлансин”, дейди шаҳар мэри Қодир Толбаш.
Рамазон байрамида шаҳар муниципалитети мастер-класс, қўғирчоқ спектакли, театрлашган саҳналар ва бошқа маданий тадбирларни ҳам ташкиллаштиради.
Анъанага кўра, шаҳар аҳолисининг баъзиларига уйқу зўрлик қилиб саҳарликсиз қолиб кетмасин деган мақсадда саҳар вақтида жарчилар барабан чалиб рамазонни мадҳ этувчи қўшиқларни баланд овозда куйлайди. Ифтор вақти кираётганда масжидлар минорасида олов ёқилади ва кўплаб шаҳарларда тўплардан ўқ отилади. Шунинг билан бирга муҳтожларга турмуш учун энг зарур ашёларга тўлдирилган “Рамазон пакети” совға қилинади.
Покистонда
Масжидлар, шаҳар кўчалари, кафелар ва ҳатто дарахтларга ҳам рангли чироқлар, турли гулчамбарлар билан оро берилади.
Покистонда шариатга қаттиқ амал қилингани боис ресторан, кафе ва шунга ўхшаш нарсалар ёруғ вақтда қатъиян ишламайди. Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда фақат йўловчиларга хизмат кўрсатадиган кафелар бундан мустасно. Кўчада ейиш ва ичиш тақиқланган – қоидабузар ойнинг охирига қадар қамоқда ўтиради.
Саҳарлик ва ифторлик вақти миноралардан чақириб эълон қилинади. Демак, уларнинг вақтини ўтказиб қўйиш ҳоллари бўлмайди.
Рамазон ойида кам таъминланган кишилар асосий озиқ-овқатларини арзон нархларда олсин учун махсус “Рамазон бозори” ташкил этилади. Ойнинг охирида эса ҳаммаси текин тарқатилади.
Рамазоннинг биринчи жумасида марҳумларнинг ётган жойлари зиёрат қилинади. Бу тадбирда фақат эркаклар иштирок этади. Покистонда аёлларнинг қабристонга бориши мумкин эмас.
Рамазон бу – катта чегирмалар ойи. Нархлар худди Европа ва Шимолий Америкада рождестово байрами олдидан чегирилгани каби чегирилади. Шунинг билан бирга, анъанага кўра, Ийд ул-Фитр байрами олдидан янги кийим харид қилинади, қариндошларига ва яқинларига совғалар берилади. Шундай қилиб, Рамазон тунларида бозорлар ва савдо марказлари харидорлар билан жуда ҳам гавжум бўлади.
Ойнинг охирги ўн кунлигида шаҳар кўчаларида ва қишлоқларда қоплаб текинга ун тарқатилади. Ундан истаган киши олиши мумкин. Бу тадбирни давлат ташкил қилади ва биринчи ўринда муҳтожларга тарқатишга эътибор қаратилади. Аммо унни олувчилардан ҳеч ким ҳеч қандай ҳужжат сўрамайди. Уни одамлар ўзаро ишонч асосида оладилар.
Мароккода
Рамазон киришидан бир неча кун олдин аёллар идиш-товоқларини, ошхона анжомларини ва шкафларини қайта ювиб оладилар, кейин эса уйни безашади.
Мароккода муборак Рамазон ҳавоси тахминан икки ҳафта олдиндан сезила бошлайди. Кўчаларда хилма хил сотадиган сотувчилар пайдо бўлади. Дўконлар турли хил чироқлар ва қоғоздан ясалган юлдузчалар билан безалади. Масжидларнинг эшикларига Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар битилган матолар илинади. Рамазон ойида иш вақти хийла қисқаради.
Муборак ойнинг киргани сирена чалиб эълон қилинади. Сирена овозини эшитган одамлар бир-бирини улуғ байрам киргани билан қутлайдилар. Болалар хурсандчилик билан шаҳар кўчалари бўйлаб югуради ва Рамазон ҳақида қўшиқлар куйлайди. Болалар қўшиғи тонггача жаранглаб туради.
Саҳар вақтида жарчилар минораларга кўтарилади ва одамларни саҳарлик қилишга уйғотади.
Марокколикларнинг қизиқ одатларидан бири, улар ўтганларининг зиёрати учун қабристонга Рамазоннинг 27 куни боради. Одамлар қабристонга етиб боргунга қадар қашшоқларга меҳрибонлик қилиб егуликлар тарқатиб боради. Ана шу кунда қабристонни тозалаб, ўсимликларни парвариш қилиш мумкин.
Сурияда
Неча асрлардирки, рўзанинг вақти киргани ва тугагани Сурияда тўпдан ўқ отиб хабар қилинади.
Саҳарлик киргани ва ифторлик бўлганини эълон қилайтган электирон нашрлар ва босма оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам ана шу эски анъанани ўтмишнинг қаърига улоқтириб юбора олгани йўқ. Дамашқ аҳли ҳали ҳам ҳар оқшомда неча асрлар бурунгидек, тўпнинг ўқ отган овозини сабрсизлик билан кутиб ўтиради.
Рамазонда ёлғиз овқатланиш мумкин эмас. Кимдир агар бирор сабаб билан овқат тайёрлай олмай қолса, оқшом вақти ҳисобсиз ресторанлар очилади ва фақат Рамазонда бериладиган овқатлар тарқатилади.
Бу вақтда юлдузлар ва янги ойнинг ўткир ўроғи тасвири туширилган махсус ёритгич билан безалган ресторан ва кафелар швед столи услубидан фойдаланади.
Таомлангандан кейин, сурияликлар айтганидек, “тун кунга айланади” ва минглаб одамлар кўчага чиқади ва ҳамма жойда байрам кайфияти ҳукмронлик қилади.
Саҳар вақти яқинлашганда барабанлар чалиниб одамлар саҳарликка уйғотилади. Барабанчилар бутун шаҳарни айланиб чиқади.
Рамазон кунларида давлат ташкилотлари, университетлар ва мактабларнинг иш тартиб ўзгаради.
Рамазонда газета-журналларда махсус “Рўза тута оласизми?” деган тест-ўйинлар эълон қилинади. Телевидениеда эса одамларни очликдан чалғитадиган турли телесериаллар намойиш этилади. Ҳар йили Рамазондан олдин йигирмага яқин янги сериал яратилади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Зуҳд – дунёга бемайл, беҳавас бўлишлик, нафсини тийишлик, тақводорлик демакдир. Шундай экан ўз-ўзидан савол туғилади: бадавлат одам ҳам зоҳид бўладими?
Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳазратларидан: “Бадавлат одам ҳам зоҳид бўладими?” деб сўралганида, у зот: “Ҳа! Агар мол-дунёси кўпайганида шукр қилса, камайганида ҳам шукр, ҳам сабр қилса”, деб жавоб берган эканлар.
Алий розияллоҳу анҳу: “Агарда бир киши ер юзидаги ҳамма нарсани қўлга киритиб, у орқали Аллоҳнинг ризосини кўзласа, демак, у зоҳиддир! Агар у ҳамма нарсани ташласа-ю, бундан Аллоҳнинг розилигини мақсад қилмаса, демак, у зоҳид эмасдир”, деганлар.
Подшоҳ зоҳиднинг олдига бориб: “Сенинг ўта зоҳидлигингни билиб, олдингга келдим”, дебди. Зоҳид эса: “Ўзимдан-да зуҳдда маҳкамроқ кишига йўллаб қўяйми сени?” дебди. “Майли”, дебди подшоҳ. Зоҳид эса: “Бу сенсан... Чунки мен бу ўткинчи дунёдан юз ўгирдим. Сен бўлсанг боқий жаннатга орқа ўгиргансан (яъни, ҳақиқий юз ўгирувчи сенсан)”, дебди.
Мол-дунёни кўпайтириш ёки вақтинчалик лаззат учун абадий жаннатдан воз кечиш мумкинми?!
Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: “Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир”»[1].
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Солим ибн Абдуллоҳни каъбанинг олдида кўриб: “Мендан бирорта ҳожатингизни сўранг”, деди.
У зот жавобан: “Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг уйида туриб Аллоҳдан бошқадан сўрашдан ҳаё қиламан”, деди. Байтуллоҳдан чиққанидан сўнг Ҳишом ибн Абдулмалик: “Аллоҳнинг уйидан ҳам чиқдингиз, энди сўранг!” – деди. “Дунё ҳожатлариданми ёки охиратми?” – деди Ибн Абдуллоҳ. Ҳишом ибн Абдулмалик: “Дунё ҳожатларидан”, деди. Шунда Ибн Абдуллоҳ: “Дунёга молик бўлган Зотдан сўрамадим-у, қандай қилиб эгаси бўлмагандан сўрайман”, деган экан.
Бир солиҳ зотга: “Дунёдан юз ўгириб, гўшт, тухум ва лаззатли таомларни тарк этган киши ҳақида нима дейсиз?” – деб савол беришди. У: “Зуҳд билан лаззатли нарсалардан воз кечишнинг бир-бирига нима алоқаси бор?! Хоҳлаган нарсасини еяверсин ва Аллоҳга ҳақиқий тақво қилсин”, деди.
Агар ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолдан есангиз, Аллоҳ буни ёмон кўрмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четланиб, лаззатли нарсаларни еяётган бўлсангиз, бунинг ҳам кароҳиятли жойи йўқ.
Ота-онангизга яхшилик қилаяпсизми?!
Яқин қариндошларингиз, қўни-қўшниларингиз билан муносабатларингиз қандай?!
Қийналганларга ёрдам беряпсизми?!
Аччиғингиз чиққанда ғазабингизни енга олаяпсизми?!
Сизга ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик қилиш қўлингиздан келяптими?!
Камига сабр қилиб, кўпига шукр қиляпсизми?!
Мана шу саволларга тўлиқ жавоб бера олсангиз, билингизки сиз Аллоҳнинг розилигига эришасиз.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Анъом сураси, 162-оят.