Шариатда ибодатларнинг турлари жуда кўп бўлиб, улардан энг улуғлари: поклик ибодати — таҳорат, ғусл; баданий ибодат — намоз; руҳий ибодат — рўза; молиявий ибодат — закот; баданий-молий ибодат — умра, ҳаж ҳисобланади.
Мазкур ибодатлар силсиласини ойлар султони Рамазон кунларида бажарилса, ажру савоблар бир неча барорбарига кўпайтириб берилади. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: “Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади”, деб айтганлар.
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳи: “Рўзанинг шундоқ ҳам бошқа амалларга нисбатан ажри бир неча баробар кўп бўлгач, Рамазоннинг рўзаси ҳам бошқа рўзаларга нисбатан бир неча барорбар устун бўлади. Бу унинг вақтининг шарофати ва у Аллоҳ фарз қилган рўза бўланлиги ҳамда У Зот бу рўзани Ислом барпо қилинган аркон – устунларнинг бири қилгани эътиборидандир”, - дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир”.
Демак, Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Чунки Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ривоятларининг бирида
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар”, деб айтганлар.
Қалбларга жило берадиган Қуръони карим тиловати ҳам муборак Рамазон ойига хосланади. Сабаби Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло инсониятга ўзининг муқаддас Китобини Рамазони шарифда нозил қилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (185-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: “Ё Раббим! Мен буни кундузлари емоқ ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил”, дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади”.
Маълумки, шариатда ваъда қилинган савоблар эркагу аёлга тенг баробардир. Шу боис, бу ойда аёллар ҳам кўплаб ажру мукофотларга эришиб қолишларида турмуш ўртоқлари, фарзандлари ҳамда оила аъзолари яқиндан кўмак берсалар нур устига аъло нурдир. Негаки, опа-сингилларимиз саҳарлик ва ифторлик дастурхонимиз учун куйиб-пишадилар, рўзадор ҳолатларида кундалик рўзғор ишлари билан банд бўладилар, фарзанд тарбияси билан шуғулланадилар, оила аъзолари хизматига шай турадилар. Албатта, бу ишлар орқали савобга эга бўладилар. Лекин, кундалик вазифалар билан аёлларимиз ифторликдан сўнг толиқадилар, натижада нафл ибодатлари ва Қуръон тиловатига вақт ажрата олмай қоладилар. Мислсиз ажрлар ваъда қилинган ойда кўпроқ ўз ибодатлари учун ҳам эътибор қаратишса ва бунда оила аъзолари яқиндан кўмак берса рамазон ойи бунданда шукуҳли ўтади.
Шу билан бир қаторда опа-сингилларимиз ҳам ўзлари рамазон ойида ибодатларига бепарво бўлишмасин, турли сериаллар ва бекорчи суҳбатлар билан ғанимат вақтларини бой бермасинлар. Аксинча, қазо ва нафл намозларини адо этиб, кўпроқ Аллоҳнинг зикрида бўлсинлар, истиғфор тавбаларни кўпроқ айтсинлар. Мўътадил ва толиқмайдиган ҳолатда оила хизматига ярасинлар.
Сўз сўнгида шуни айтамизки, ушбу фазилатли рамазон кунларда кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиб, кўпроқ ибодатларни ихлос билан қилиб олишга эътиборли бўлиш зарурдир. Чунки Рамазон мағфират ойи ҳамдир. Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”. Имом Аҳмад ва сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можа)
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси Н. Ғофурова
Шукуҳ
Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайитини кўтаринки кайфиятда нишонлаш яхши анъанага айланган. Байрам кунлари юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.
Ушбу муборак айёмда қариндош-уруғлар, яқинлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берилади, қисқача айтганда, жамиятда бирдамлик ва аҳиллик муҳити яна ҳам мустаҳкамланади.
Кези келганда, бугун мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига чиққанини, барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Янги Ўзбекистондаги бу муваффақиятлар замирида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.
Биринчиси — “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун, иккинчиси — Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.
Фармонга асосан, кўҳна Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу халқимиз, хусусан, диний-маърифий соҳа вакиллари учун катта хушхабардир. Ушбу марказ том маънода буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни бажаради. Нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилади ва сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.
Сирасини айтганда, ушбу марказ ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сингари учинчи Ренессансни қарор топтириш йўлидаги яна бир мустаҳкам илм ва ақл маркази бўлади, албатта.
Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси — Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ҳамда халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланажак, албатта.
Шукрки, мақтансак арзийдиган бу каби хушхабар ва янгиликлар бисёр. Айниқса, айни ҳайит кунларида бу юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариши, байрамга ўзгача шукуҳ қўшиши муқаррар.
Кези келганда айтиш жоизки, муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бормоқда. Бу муборак кунда яқинлар билан кўришиш, узоқлашган дўстлар билан ярашиш, қариндош-уруғларга зиёратга бориш — барчаси меҳр-оқибат ва инсонлар ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳисобланади. Одатда ушбу айёмда ҳамма бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этади, қурбонликлар қилинади. Қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар, турли миллат ва дин вакилларига улашилади. Бу, ўз навбатида, сахийлик, шукроналик, жамиятдаги тенгликни таъминлашга қаратилган улкан ибрат ҳамда муҳтожлар, етим-есирлар ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳақида қайғуришнинг амалий ифодаси, қолаверса, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.