Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Жазоир республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бумедиан Геннадни қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Элчи жанобларини тaшрифи билан қутлаб, Жазоир ҳам давлатчилик шаклига кўра мамлакатимизга яқинлиги, мазкур давлатнинг диний соҳадаги тажрибасини ўрганиш ниҳоятда аҳамиятли экани, шу боис Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жазоирдаги расмий диний ташкилотлар билан ўзаро алоқасини ўрнатиш, икки томонлама манфаатли йўналишларда ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишини бирдирдилар.
Ўз сўзлари давомида Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда юртимизда барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлаётгани, жумладан, зиёратчиларимизни умрага чекланмаган ҳисобда юбориш йўлга қўйилгани, ҳаж сафари квотаси ҳам йилдан-йилга ошириб борилаётгани, фуқароларга Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани, диний таълим муассасаларида фан дастурларини сифат ва мазмун жиҳатдан такомиллаштириш борасида режали ишлар қилинаётганини алоҳида қайд этдилар.
Ўз навбатида Элчи Бумедиан Геннад ҳам кўрсатилган эҳтиром ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга бор куч-ғайрати, билими ва тажрибасини қаратишга тайёр эканларини изҳор этдилар.
Шунингдек, Элчи жаноблари Жазоирдаги диний-маърифий соҳа ҳақида маълумот бериш билан бирга, икки давлат диний соҳа ходимлари мазкур йўналишда, хусусан, диний таълим, имомлар малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида Элчи жанобларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсталик совғаси тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман". Агар у (банда): "Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга ҳамд - шукр айтди", дейди. Банда: "Ар-Роҳманир Роҳийм", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга сано - мақтов айтди", дейди. Банда: "Маалики йавмид-дийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу - Мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас-сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди" (Имом Насоий ривояти).
Бир дақиқада Фотиҳа сурасини 6 маротаба ўқий оласиз. Унинг ҳарфлари сони 122 та. Агар уни бир маротаба ўқисангиз, 122х10=1220 та савоб берилади. Чунки ҳадисга мувофиқ, ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ваъда қилинган. Агар сиз уни 6 маротаба ўқисангиз, 7320 та савобга эга бўласиз. Бу Аллоҳнинг фазли, ким уни зиёда қилса, Аллоҳ ҳам фазлини зиёда қилаверади.
«Фазилатли амаллар - ажри улуғ амаллар» китобидан